Ўзбекистон | 21:47 / 10.08.2024
8191
2 дақиқада ўқилади

Аксарият ҳолатларда порани берган одам жазоланмаяпти — Соғлиқни сақлаш вазири

Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худоёров коррупция масаласи бўйича фикрларини баён қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистонда коррупцияга тасниф берилганда порани олган ҳам, берган ҳам жазоланади. Аммо аксарият ҳолатларда порани берган одам жазоланмаяпти. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худоёров гапирди – дея хабар бермоқда Gazeta.uz.

Мулозим коррупция масаласига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида «Ногиронликни белгилашнинг самарали механизмлари ҳамда тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати тизимини такомиллаштириш» мавзусида ўтказилган семинарда тўхталди. Унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коррупцияга қарши курашишга тайёр.

«Биринчи ўринда, раҳбариятда, яъни [ҳар бир] тизим бошида турганларнинг ўзида ва жамоасида коррупцияга қарши курашиш бўйича хоҳиш бўлиши керак. Мен сизга ваъда бераман, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратида ва ўйлайманки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида ҳам коррупцияга йўл қўймаслик учун хоҳиш жуда кучли», деди Худоёров.

Унинг таъкидлашича, коррупцияга йўл қўймаслик бир неча омилларга боғлиқ.

«Коррупцияга йўл қўймаслик тарбияга боғлиқ, қонундан қанчалик қўрқишга ва қонунга амалга қилишга боғлиқ. Асосийси, менинг ишимда принцип бор: ходим коррупцияга аралашмаслиги, вазифасини тўлиқ бажариши учун [қилаётган] иши ўзига ёқиши ва ўша ишни йўқотиб қўйишдан қўрқиши керак. Биз эса ходимларга маош томондан ҳам, бошқа томондан ҳам шароит яратишимиз, уларни асоссиз айблашга бормаслигимиз керак, ўшанда у ишини виждонан бажаради», деди вазирлик раҳбари.

Худоёровнинг қайд қилишича, Ўзбекистонда аксарият ҳолатларда порани берган одам жазоланмаяпти.

«Аҳолига ОАВ орқали тушунтиришимиз керак, Ўзбекистонда коррупцияга тасниф берилганда порани олган ҳам, берган ҳам жазоланади. Афсуски, аксарият ҳолатларда порани берган одам жазоланмаяпти», деб қўшимча қилди у ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги коррупцияга қарши курашишга тайёрлигини таъкидлади.

Мавзуга оид