Жаҳон | 20:06 / 14.08.2024
7258
3 дақиқада ўқилади

Путинга «яқин» миллиардер Швейцария банкларидан юз миллионлаб доллар олиб чиқиб кетишга урингани маълум бўлди

Украинага қарши уруш бошланишидан олдин Герман Ханнинг Швейцариядаги ҳисоб рақамидан рафиқасининг ҳисобига 90 млн доллар ўтказилган.

Фото: «Москва» агентлиги

Владимир Путин билан «қалин алоқаларга» эга миллиардер Герман Хан Россиянинг Украинага тўлақонли босқини аввалида Европа санкцияларига учрамаслик учун Швейцария банкларидан 280 миллион доллар маблағни олиб чиқиб кетган. Бу ҳақда Федерал маъмурий суд қарорига таяниб, Tages-Anzeiger маълум қилди.

Суд қарори жараён иштирокчиларининг исм-шарифлари кўрсатилмаган ҳолда эълон қилинганига қарамай, ҳужжатдаги маълумотлар асосида уларнинг шахси аниқланган. Хусусан, гап россиялик миллиардер Герман Хан ҳақида кетаётганини ҳам аниқлашга муваффақ бўлинган.

Газета маълумотларига кўра, уруш бошланишидан олдин Ханнинг Швейцариядаги ҳисоб рақамидан рафиқасининг ҳисобига 90 миллион доллар ўтказилган. Бир неча кундан кейин — 1 мартда миллиардер бошқа бир Швейцария банкига рафиқасининг ҳисоб рақамига яна 110 миллион доллар ўтказишни буюрган ва операция 2 март куни муваффақиятли якунланган. Шу куни россиялик тадбиркор яна 60 миллион долларни қизининг ҳисоб рақамига ўтказган. Транзакцияларнинг барчаси совға сифатида расмийлаштирилган. 8 март куни Хан қизига 20 миллион доллар «совға» қилмоқчи бўлган, аммо банк чекловлари сабаб бу амалга ошмай қолган. Кейинроқ у қизининг турмуш ўртоғига 20 миллион доллар «совға» қилган.

Шунча саъй-ҳаракатлар барибир ўз самарасини бермаган: Швейцария банклари кўп ўтмай миллиардернинг рафиқаси ва қизига тегишли ҳисоб рақамларни блоклаб қўйди, 2022 йил апрель бошларида эса куёвга «совға» қилинган 20 миллион доллар ҳам блокланган. Кейинроқ Ханнинг қизи бир неча бор Иқтисодий масалалар бўйича давлат котибиятидан 20 миллион долларни қайтаришни сўраб чиқди, аммо сўровларнинг барчаси рад этилди.

2023 йилда Европа умумий юрисдикция суди Герман Хоннинг Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритилишига қарши шикоятини рад этганди. Хан Россиянинг энг йирик X5 Group ва Alfa Bank’ни назорат қилувчи Альфа Гроуп консорциумидаги роли туфайли чекловларга дуч келган.

Европа Иттифоқи ўз қарорини Хан Владимир Путин билан «қалин алоқада» экани ва унга ҳозир ҳам «катта хизматлар» кўрсатишни давом этаётгани билан асослаган. Шунингдек, ЕИ Ханни Қримни аннексия қилиш ва «Украинани беқарорлаштириш»га масъул бўлган Россия ҳукуматига «муҳим даромад манбаи» бўлган иқтисодиёт тармоқларида иштирок этган етакчи рус тадбиркорларидан бири деб билади.

Мавзуга оид