Жаҳон | 21:48 / 16.08.2024
2599
2 дақиқада ўқилади

Байден соқчиларининг бир қисми Трамп хавфсизлигини таъминлаши маълум бўлди

Трампни очиқ ҳавода ўтказиладиган сайловолди митинглари пайтида эҳтимолий ҳужумлардан ҳимоя қилиш мақсадида зирҳли ойна ҳам сотиб олинган.

Фото: The New York Times

АҚШ Махфий хизмати президент Жо Байден соқчиларининг бир қисмини Республикачилар партиясидан давлат раҳбарлигига номзод Доналд Трамп хавфсизлигини таъминлашга йўналтирди. Бу июль ойида собиқ президентга уюштирилган суиқасддан кейин амалга оширилди, деб хабар беради The New York Times.

Маълумотларга кўра, шунингдек, Трампни очиқ ҳавода ўтказиладиган сайловолди митинглари пайтида эҳтимолий ҳужумлардан ҳимоя қилиш мақсадида зирҳли ойна ҳам сотиб олинган.

Газетанинг ўз манбасига таяниб ёзишича, жамоанинг бир қисмини бундай тақсимлаш — ўз-ўзидан ноодатий ҳодиса. Бироқ Трампга таҳдидларнинг кучайиши ва Байденнинг саёҳат жадвалини қисқариши бу ишни амалга оширишга имкон туғдирган. Одатда давлат раҳбарининг сафарларига тайёргарлик вақтида жалб этиладиган ходимлар эндиликда республикачининг ҳимояси билан банд.

Оқ уй ва Трампнинг сайловолди штаби мазкур ҳолатга изоҳ беришдан бош тортди.

13 июль куни 20 ёшли Томас Метю Крукс АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг Пенсилвания штати Батлер шаҳрида сайловолди ташвиқоти митингидаги чиқиши вақтида унга қарата ўқ узганди. Ўқ сиёсатчи қулоғининг тепа қисмига теккан.

Содир бўлган ҳолат юзасидан ўтказилган тергов фонида АҚШ Махфий хизмати директори Кимберли Читл истеъфога чиқди. Бундан олдин АҚШ Вакиллар палатасида Трампга суиқасд уюштирилган тадбирда хавфсизлик режими бузилгани юзасидан эшитув бўлиб ўтган эди. Читл суиқасд бўйича собиқ президентни огоҳлантиришга улгурмагани учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, мазкур ҳолатни Махфий хизматнинг ўн йилликдаги «энг жиддий муваффақиятсизлиги» деб атади.

Мавзуга оид