2023 йилда “права”си олиб қўйилган шахслар такрор ЙТҲ содир этиши оқибатида 212 киши ҳалок бўлган
Ўзбекистонда ЙТҲ ва улар оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони юқорилигича қолмоқда. 2023 йилда машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, рухсатномаси бўлмаган ҳолда яна қайтадан рулга ўтирган шахслар томонидан 707 та ЙТҲ содир этилган. Бунинг оқибатида 212 киши ҳалок бўлган, 546 киши эса турли даражада тан жароҳатлари олган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов ва соҳа масъуллари иштирокида тизимда амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда маълум қилинишича, жорий йилнинг 6 ойи давомида республикадаги умумий ЙТҲлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар 1,1 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 9,2 фоизга камайган. Бироқ ЙТҲлар ва улар оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони ҳанузгача юқорилигича қолмоқда.
Қутбиддин Бурхоновга кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида мамлакат бўйича қонуний равишда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар томонидан 10 млн 200 мингдан ортиқ қоидабузарлик содир этилган. 2023 йилда машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар рухсатномаси бўлмай туриб рулга ўтириши ортидан 707 та ЙТҲ содир этилган, оқибатда 212 киши вафот этиб, 546 киши тан жароҳатлари олган.
Муҳокама жараёнида пиёдалар иштирокида содир этилаётган ЙТҲларга ҳам эътибор қаратилган. Қайд этилишича, жорий йилнинг 6 ойидаги ЙТҲларнинг 58,5 фоизи пиёдалар иштирокида содир этилган. Сенатор бунга сабаб сифатида ЙТҲлар таҳлил қилинмаётгани, аҳоли гавжум жойларда, айниқса бозорларда пиёдалар ўтиш жойида светофорлар қўйилмаётгани, ҳокимликлар, маҳаллий кенгашлар томонидан зарур чоралар кўрилмаётганини айтиб ўтган.
Таҳлилларга кўра, пиёдалар иштирокидаги ҳодисаларнинг 20 фоизи пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилмагани, 19 фоизи пиёдалар ўтиш жойи мавжуд бўлса-да, пиёдалар томонидан йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтилгани оқибатида содир бўлган. Шунингдек, пиёдалар иштирокидаги ҳодисаларнинг 13 фоизи ҳайдовчиларнинг тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойида светофорнинг тақиқловчи ишорасига қарамай ҳаракатланиши, 16 фоизи тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермаслиги оқибатида келиб чиққан.
Таъкидланишича, муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда ИИВ ЖХД ЙҲХХ ҳамкорлигида таклифлар ишлаб чиқилган. Унда қуйидагилар назарда тутилган:
- амалдаги қонунчиликка ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлган, бироқ яна йўл-транспорт ҳодисасини содир этган шахсларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш масаласини кўриб чиқиш;
- болалар иштирокида содир бўлаётган ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида умумтаълим мактабларида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” (Ҳаётий фаолият хавфсизлиги) фанини мажбурий жорий этиш;
- маҳаллий ҳокимликлар томонидан истироҳат боғлари ҳудудларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича барча шароитлар яратилган майдончаларни барпо этиш, бунда болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асосларини амалий ва кўргазмали тарзда ўргатишни йўлга қўйиш;
- умумтаълим мактабларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга ҳудудлардаги мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Автомотоҳаваскорлар” кўнгилли жамияти, “Транскасб” корхоналар уюшмаси автомактаб ўқитувчиларини жалб этиш орқали ўқитишни ва педагогика университетларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича педагог кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш;
- халқаро автомобил йўллари ёқасида жойлашган 214 та ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўллари ёқасида жойлашган 1064 та мактаб олдида қоидабузарликларни аниқловчи фото-видео қурилмаларни ўрнатиш;
- пиёдалар иштирокидаги ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида янги қурилаётган ва лойиҳалаштирилаётган автомобил йўлларида ҳаракат қатнов қисмида кесиб ўтувчи пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этишга йўл қўймаслик, мазкур объектларни йўл ўтказгич, ерости ёки ерусти пиёдалар ўтиш жойи шаклида ташкил этиш;
- ҳаракат тиғиз бўлган бозорлар, савдо ярмаркалари, истироҳат боғлари атрофида ҳамда пиёдалар ўтиш жойларида қоидабузарликларни аниқловчи фото-видео қурилмаларини ўрнатиш ва амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш;
- “Open Budget” дастури асосида автомобил йўллари ва кўчаларни реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш лойиҳаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан мажбурий тартибда келишиш, келишилмаган лойиҳалар асосида амалга оширилаётган таъмирлаш ишларини қонун талаблари асосида тўхтатиш;
- мавжуд амалиёт ҳамда хорижий тажрибани қиёсий таҳлил қилган ҳолда мамлакатимизда ҳайдовчилик маданиятини шакллантириш, ҳайдовчи ва пиёдаларда ўзининг ва атрофдагиларнинг хавфсизлиги учун масъулият ҳиссини кучайтиришга қаратилган ягона концепцияни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024