Ўзбекистон | 07:27 / 22.08.2024
17462
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни қанчага ошаётгани маълум бўлди

Республика аҳолисининг ўртача ёши 28,5 ёш бўлган. 

Фото: Kun.uz

Доимий аҳоли сони ҳар куни ўртача 1,8 минг кишига ошаётгани маълум қилинди. 

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 1 июл ҳолатига республиканинг доимий аҳолиси 37 134,2 минг кишини ташкил этган. Доимий аҳоли сони ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 2,1 фоизга ошган.

Ўзбекистон аҳолиси 2024 йилнинг ҳар бир ойида ўртача 55,7 минг кишига ошган. 2024 йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,8 минг кишига кўпаймоқда.

Аҳолининг қарийб 18 миллион 696 минг нафари эркаклар, 18 миллион 437 минг нафари аёллар ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатнинг шаҳар аҳолиси сони 18,9 миллион кишини, қишлоқлардаги аҳолиси 18,2 миллион кишини ташкил этади.

Агентлик маълумотига кўра, республика аҳолисининг ўртача ёши 28,5 ёш бўлган. 

Доимий аҳоли сонининг энг кўп улуши Самарқанд вилоятида қайд этилган – 4 миллион 249 минг нафар. Бу бутун Ўзбекистон аҳолисининг 11,4 фоизи дегани. Шунингдек, Фарғона (4,1 миллион киши), Қашқадарёда (3,6 миллион киши), Андижон (3,4 миллион киши) ва Наманган (3,1 миллион киши) вилоятларида нисбатан кўп аҳоли истиқомат қилади.

Доимий аҳолиси сонининг улуши энг кам ҳудуд Сирдарё вилояти бўлиб, у ерда 922,1 минг киши яшамоқда. Навоий (1,1 миллион киши), Жиззах (1,5 миллион киши), Хоразм (2 миллион киши) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (2 миллион киши) нисбатан кам аҳоли истиқомат қилади.

Мавзуга оид