Трамп суиқасддан кейин биринчи марта очиқ ҳавода чиқиш қилди
АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп нутқ сўзлаган трибуна атрофига ўқ ўтказмайдиган ойналар ўрнатилди.
21 август, чоршанба куни АҚШ собиқ президенти ва олий давлат лавозимига даъвогарлик қилаётган республикачи номзод Доналд Трамп Шимолий Каролина штати Эшборо шаҳрида суиқасддан сўнг биринчи очиқ сайловолди митингини ўтказди. Суиқасд содир этилган кундан бошлаб унинг барча оммавий чиқишлари фақат бино ичида бўлиб ўтганди.
Трамп нутқ сўзлаган трибуна атрофига ўқ ўтказмайдиган ойна ўрнатилган. Собиқ президент нутқи ўртасида митинг иштирокчиларидан бири жазирама туфайли ўзини нохуш ҳис этган, шундан сўнг Доналд Трамп саҳнадан туриб аёлга тиббий ёрдам кўрсатишни сўради, ҳимоя ойнаси ортидан чиқиб, тарафдорини оломон олқишлари остида қучоқлаган.
Шимолий Каролинадаги чиқиши чоғида Трамп Демократик партиядан рақиби, АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррисни яна танқид қилиб, уни АҚШ президентлигига номзод бўлган «энг радикал сўл шахс» деб атади. «Агар ўртоқ Камала ноябр ойида ғалаба қозонса, учинчи жаҳон уруши амалда муқаррар», - дея Доналд Трамп сўзларини келтиради AFP.
Доналд Трампга суиқасд
АҚШ собиқ президенти 13 июл куни Пенсилвания штатининг Батлер шаҳрида сайловолди ташвиқоти митингида яраланган эди. 20 ёшли йигит сиёсатчига қарата ўқ узган. Ўқ Трампнинг қулоғининг тепа қисмига тегди.
Отишма натижасида 50 ёшли митинг иштирокчиси ҳалок бўлди, яна икки киши яраланди. Ҳужумчи хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган. Кўплаб дунё етакчилари суиқасдни қоралаб, ҳамдардлик билдирди.
АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари 5 ноябр куни бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
21:05 / 24.12.2024
Ироқ АҚШ қўшинларини ўз ҳудудида қолдиришга тайёр — ОАВ
19:49 / 24.12.2024
American Airlines авиакомпанияси АҚШга барча рейсларни тўхтатди
17:40 / 24.12.2024
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
17:05 / 24.12.2024