Жаҳон | 11:28 / 22.08.2024
4949
2 дақиқада ўқилади

Украина Мурманск вилоятига дронлар билан ҳужум қилди

Россиялик ҳарбий блогерларнинг ёзишича, Украина қуролли кучлари дронлари Мурманск вилояти шимолидаги Високий посёлкасигача етиб борган.

Фото: Inna Varenytsia/REUTERS

Украина қуролли кучларининг учувчисиз учоқлари Мурманск вилояти ҳудудига ҳужум қилди. Бу ҳақда 21 август, чоршанба куни минтақа раҳбари Андрей Чибис ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, минтақада «хавфсизликни яхшилаш учун барча зарур чоралар» кўрилган. 

Telegram-каналлар: Ҳарбий аэродромга ҳужум қилинди 

ВЧК-ОГПУ Telegram-канали Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган авиация жойлашган Високий посёлкаси яқинидаги «Оленя» ҳарбий аэродроми яқинида Украина учувчисиз учоғи уриб туширилганини маълум қилди. 

Навалнийнинг маҳаллий штаби собиқ координатори Виолетта Грудина, ўз навбатида, дрон йўқ қилиниши тасвирланган видеони эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, видео 19 август куни ёзиб олинган ва Мурманск вилояти тўрт кундан бери ҳужум остида. 

Росавиация, шунингдек, Мурманск ва Апатити аэропортлари фаолиятини вақтинча чеклади.

Украина «Оленя» аэродромига ҳужум уюштирилганини эълон қилган

2024 йил июл ойи охирида Украина оммавий ахборот воситалари махсус хизматлардаги манбаларга таяниб, Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР») учувчисиз учоқлари томонидан Мурманскдаги «Оленя» ҳарбий аэродромига ҳужум қилингани ҳақида хабар берди. Унда узоқ масофали стратегик бомбардимончи-ракета ташувчиси Ту-22М3 шикастланган.

Кейинроқ Украина Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов ҳужум натижасида икки рус ҳарбий самолёти зарар кўрганини маълум қилди.

Мавзуга оид