Столтенберг НАТО-Украина кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирди
Украина мудофаа вазири йиғилишда онлайн иштирок этиб, мамлакатнинг фронтдаги аҳволи ҳамда муҳим ҳарбий эҳтиёжлари тўғрисида маълумот беради.
Шимолий Атлантика алянси бош котиби Йенс Столтенберг Киев илтимосига кўра НАТО-Украина кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирди.
Йиғилиш 28 август куни бўлиб ўтади ва у Украинанинг фронтдаги аҳволи ҳамда муҳим ҳарбий эҳтиёжларига бағишланади.
Қайд этилишича, Украина мудофаа вазири Рустем Умеров видеоалоқа орқали иттифоқчиларини жанг майдонидаги вазиятдан бохабар қилиб, қуролланишнинг устувор эҳтиёжлари ҳақида маълумот беради. Маслаҳатлашув элчилар даражасида бўлиб ўтади. НАТОга аъзо давлатлар йиғилишини ўтказишга охирги вақтларда Россия армиясининг Украина фуқаролик инфратузилмаси ва тинч аҳолисига қарши амалга ошираётган кенг кўламли ҳужумлари сабаб бўлмоқда.
НАТО-Украина кенгаши йиғилишида ғарб томонидан етказиб берилган қуроллардан Россия ҳудудига зарбалар беришга қўйилган тақиқни бекор қилиш масаласи муҳокама қилинади.
НАТО-Украина кенгашининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасидаги биринчи йиғилиши 2023 йилда Литвада чақирилган эди. Инқирозли вазиятларда маслаҳатлашувларни амалга ошириш учун ташкил этилган ушбу орган Украина НАТОга қабул қилингунга қадар фаолият кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши фонида Финландия 2023 йилда НАТОга қўшилди ва шу билан 75 йиллик бетарафлик даврини тугатди. Натижада альянснинг Россия билан умумий чегараси икки баробарга ортиб, 2600 километрга етди.
Мавзуга оид
15:01 / 20.12.2024
Олаф Шолц НАТО бўйича иттифоқчиларни Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди
07:52 / 19.12.2024
НАТО Киевга ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди
21:58 / 16.12.2024
Россия мудофаа вазири армияни НАТО билан урушга тайёрлашни буюрди
19:58 / 13.12.2024