Ўзбекистон | 07:28 / 30.08.2024
8461
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳалқа йўлининг Мирзо Улуғбек туманидаги қисми очилди 

Шавкат Мирзиёев 29 август куни Тошкент ҳалқа йўлининг Мирзо Улуғбек туманидан ўтган қисмида амалга оширилган реконструкция ишларини кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент ҳалқа йўли пойтахтнинг энг узун ва кенг кўчаси. Фақат унинг Мирзо Улуғбек туманидан ўтган бир қисми тор бўлиб, ҳозирги талабга — кунига 45-50 мингта автомашина қатновига мос келмай қолган эди. Шу боис ушбу йўл кенгайтирилиб, қайта қурилди.

Давлат раҳбари бу ерга келиб, транспорт ва пиёдалар учун яратилган қулайликларни кўздан кечирди.

Ўзига хос ечимлар асосида 3 та қайрилиб олиш ҳамда 18 та кесишмаларда қўшилиб олиш жойлари ташкил этилди. Бу ҳайдовчиларга қулайлик яратиб, тирбандликни камайтиришда муҳим омил бўлади.

Кўчанинг Буюк ипак йўли билан кесишмасида йиғма темир конструкцияли йўл ўтказгич қурилди. Мамлакатда илк бор қўлланган бу усулнинг афзаллиги кўп. Хусусан, унинг қурилиш муддати бошқа кўприкларга нисбатан икки баробар кам вақт талаб қилади. Хизмат кўрсатиш муддати эса юз йилдан ортиқ. Ўтказгични таъмирлаш ишлари ҳам анча арзон тушади.

Кўча бўйларига электрон шаклда бошқариладиган тунги ёритиш тизими, ақлли светофорлар ўрнатилди. Ўн учта бекат қурилди. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.

Бу йўл пойтахт ва Тошкент вилоятининг бир неча туманларини боғлайди. Сўнгги йилларда қатнов сезиларли ортди. Шуларни инобатга олиб, бу ерда замонавий транспорт ечими қўлланди. Йўлнинг 4 километрига асфалт-бетон ётқизилди. Қатнов қисми эса олдингидан анча кенгайтирилиб, 6-8 тасмага етказилди. Шунингдек, 4 та ерости ўтиш жойи, пиёда ва велойўлаклар қурилди.

Президент янги йўл ва иншоотлар Мустақиллик байрамига туҳфа эканини таъкидлаб, халқнинг узоғини яқин, оғирини енгил қиладиган бундай қурилишлар давом эттирилишини билдирди.

Мавзуга оид