Ўзбекистон | 15:30 / 01.09.2024
14877
12 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларнинг минг долларлик маош орзуси ва “асфалтдан муҳимроқ” фестиваллар — ҳафта дайжести

5 та йирик компания солиқ тўлашни кескин камайтирди: давлат бюджети камида 66 та мактаб қуришга етадиган пулсиз қолди. Минг доллар олаётган ўқитувчилар нечта: таълим вазири ва унинг ўринбосари икки хил маълумотни айтди. Озодбек Назарбековдан яна бир шов-шувли баёнот: маданий фестиваллар кўчани асфалт қилишдан муҳимроқми? Ҳафтанинг муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

“Фестиваллар ўтказиш кўчани асфалт қилишдан муҳимроқ” — Озодбек Назарбеков

Маданият вазири Озодбек Назарбеков яна муҳокамалар марказида. Муҳокама мавзуси ҳам ўша-ўша: давлат бюджети. Амалдор охирги вақтларда сони анчагина кўпайган маданий фестиваллар нега кераклигини тушунтириб, бундай тадбирларни ўтказиш кўчани асфалт қилишдан муҳимроқлигини айтди.

“Халқаро майдондаги беқарорликлар ва бошқарув имкониятлари қанақадир қора кучларда экани бугун кўриниб турибди, буни бутун дунё кўряпти. Биз мана шундай даврда ўзимизнинг қадриятларимиз, маданиятимизни маҳкам тутган ва бутун дунёни шу позицияга чорлаган ҳолда бундай иллатлар ёки таҳдидларга қарши тура оламиз.

“Сизлар кўп савол берасизлар бизга: “Мақом” фестивали қиляпсизлар, “Бахшичилик”, “Ҳунармандлар” фестиваллари қиляпсизлар, булар керакми, керакмасми, ундан кўра асфалт қилган яхшимасми, деган миллионта ҳар хил фикрлар бор. Кечирсизлару, ҳозир бу муаммо битта кўчани асфалт қилгандан кўра муҳимроқ. Чунки инсон маданиятига таҳдид бостириб келяпти, шунинг учун бунақа фестивалларга 3−5 млрд сўм ишлатиш, менимча, инсон келажагини асраб қолишда жуда муҳим”, – деди Назарбеков.

Маданият вазирлиги турли фестиваллар ўтказиш, ҳар хил порталлар яратиш, “Овоз” лойиҳаси ва бошқа харажатлари сабаб охирги вақтларда бюджет пулларини совураётганликда энг кўп айбланадиган ташкилотлардан бирига айланган. Вазирнинг навбатдаги чиқиши ҳам тармоқларда минглаб салбий изоҳлар билан қарши олинди, мэм суратлар ҳам тайёрланди. Суратларда лой кечиб мактабга кетаётган болалар Озодбек Назарбековга “раҳмат” айтаётгани, боласини лой кўчадан ўтказиб қўяётган ота унга нега бу ер асфалт қилинмаётганини тушунтираётгани акс этган.

Мактаб ўқитувчиларининг 1,1 фоизи минг доллар маош олаётгани айтилди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарлари ваъда қилинган минг долларлик ойлик ўқитувчиларнинг аксарияти учун ҳалигача орзу бўлиб қолаётганига изоҳ берди. Янги ўқув йили бошланишидан олдин матбуот анжумани ўтказган вазир Ҳилола Умарова, журналистларнинг бу ҳақдаги саволига жавобан, ойликлар оширилиши кутилган даражада бўлмаётганининг сабабларига тўхталмади, фақат қилинган ва қилинаётган ишлар ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, президент топшириғи асосида тоифаси юқори ўқитувчиларнинг маошини ошириш масаласи кўриб чиқиляпти. Ҳозирги пайтда ҳар хил устамалар йўлга қўйилгани ва вазир жамғармаси ташкил этилгани ҳисобига, мактабларда минг доллар ва ундан юқори миқдорда маош олаётган ўқитувчилар сони 6 мингдан ошган, деди Ҳилола Умарова.

Муаммо шундаки, 6 минг нафар ўқитувчи – тизимдаги жами ўқитувчиларнинг атиги 1,1 фоизини ташкил этади. Лекин ҳатто шу рақамни ҳам текшириш керакка ўхшайди. Чунки вазир ўз нутқида “минг доллар ва ундан юқори маош олаётганлар сони 6 мингдан зиёд” деган бўлса, унинг молия масалалари бўйича ўринбосари Темур Комилов “6 мингга яқин ўқитувчи 10 млн сўмдан кўпроқ” маош олаётганини айтди. 10 млн сўм ва минг доллар ўртасида яхшигина фарқ пайдо бўлганига эса анча бўлган.

Комиловнинг сўзларига кўра, ҳозир мактаблардаги ўқитувчиларнинг қарийб ярми – 250 мингга яқини 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача маош оляпти. Ойликларни 1 млн сўмга ошириш учун йилига 7 трлн сўмдан кўп пул керак. “Ҳамма бирдек минг доллар ойлик олади деган нарса – утопия”, деди вазир ўринбосари.

Бир қатор давлат корхоналари солиқ тўловларини кескин камайтирди

Ойликларни оширишга бюджетда пул йўқлиги айтилган ҳафтада, йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтиргани маълум бўлди. 7 ойлик якунларига кўра, солиқ тушумлари “Ўзбекнефтгаз”да 24 фоизга, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 42 фоизга, “Иссиқлик электр станциялари”да эса 2,2 баробарга камайиб кетган. Ўзбекистондаги энг катта газ конларидан бирини бошқарувчи “Uz-Kor Gas Chemical” компанияси эса солиқ тўловларини 3,2 баробарга камайтирган.

Солиқ қўмитаси эълон қилган топ-20талик рўйхатдан “Uzbekistan GTL” заводи чиқиб кетгани ҳам эътиборга лойиқ. Мавжуд маълумотлардан келиб чиқилса, Қашқадарёда қурилган мега завод солиқ тўловларини камида 1,5 баробарга камайтиргани ойдинлашади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ GTL заводи дизел ишлаб чиқаришни бошлаганидан кейин Ўзбекистонга дизел импорти камайиш ўрнига, 7 баробарга ошгани маълум бўлганди.

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги бу компаниялар қаторида, “Ўзметкомбинат” ҳам солиқ тўловларини 33 фоизга камайтирган. Агар санаб ўтилган шу бешта давлат корхонаси ҳеч бўлмаса ўтган йилги даражада солиқ тўлаганида эди, 7 ой давомида бюджетга 1,3 триллион сўм кўпроқ пул тушган бўларди. Юқорида айтганимиз матбуот анжуманида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темур Комилов берган маълумотга кўра, 660 ўринли битта мактаб қурилиши 19,5 млрд сўмга тушади. Шундан келиб чиқилса, давлатнинг 5 та йирик компанияси 7 ой давомида тўламаган солиқларни пул йўқлиги учун қурилмаган 66 та мактабга тенглаштиришимиз мумкин.

Айтиб ўтганимиз йирик корхоналар солиқ тўловларини неча бунчалик кескин камайтириб юборгани аниқ эмас, бу борада расмий изоҳга зарурат бор. Улар билан бирга, хусусийлаштирилган “Қизилқумцемент” ва ишончли бошқарувга берилган “Ўзбеккўмир” ҳам энг кўп солиқ тўловчилар рўйхатидан чиқиб кетгани эътиборга молик. Шуларга қарамай, ишлаб чиқариш соҳасидаги ўн минглаб корхоналарнинг умумий солиқ тушумлари 6,4 фоизга ўсган. Бу дегани, йирик корхоналар тўламаётган солиқларнинг юки ўрта ва кичик корхоналарнинг гарданига тушяпти.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz аввалроқ энергетика соҳасидаги бошқа бир гигант компания – “Ўзтрансгаз” солиқ тўловларини 6 баробарга камайтириб юборганига эътибор қаратган эди. Шунингдек, ўтган йили “Ўзбекнефтгаз”нинг соф фойдаси салкам 5 баробарга камайган, компаниянинг халқаро рейтинги пасайиб, прогноз салбийга ўзгартирилганди.

Humo'ни сотиб олишга Uzum ва Kaspi даъвогарми?

Ўзбекистоннинг энг йирик солиқ тўловчиларидан яна бири бу ҳафта жамоатчилик диққат марказига тушди. 8 ой олдин Humo тўлов тизими хусусийлаштирилмайди деб баёнот берган Давлат активларини бошқариш агентлиги ўтган ойда уни сотиш жараёнларини бошлаган эди. Маълум бўлишича, агентлик сайтида берилган эълоннинг ўзбекча ва русча версияларида инвесторлардан аризалар қабул қилишнинг охирги куни 22 август, инглиз тилидаги эълонда эса 30 август деб кўрсатилган. Иқтисодчи Отабек Бакиров бунга эътибор қаратиши ортидан, инглизча эълонда ҳам сана 22 август деб ўзгартириб қўйилган. Бу эса шу куни аризалар қабул қилиш тўхтатилганини англатади. Бакировнинг ёзишича, камида учта хорижий талабгор Humo'ни сотиб олиш учун ариза топшира олмаган, бу эса ўзбекистонликлар яна бир шубҳали хусусийлаштиришга гувоҳ бўлиши мумкинлигидан дарак беради.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, Humo тўлов тизими Ўзбекистондаги унча-мунча банкдан қимматроқ туради. Компаниянинг биринчи ярим йилликдаги соф фойдаси 1,5 баробарга кўпайиб, 70 млрд сўмдан ошган. Spot.uz нашри суҳбатлашган экспертлар Humo'нинг минимал нархини 60-80 млн долларга баҳоламоқда.

Ариза топшира олмай қолганлар қаторида Қозоғистоннинг Kaspi финтех компанияси ҳам бор-йўқлиги маълум эмас. Компания асосчиси ва раҳбари Михаил Ломтадзе 27 август куни “Forbes Қозоғистон” нашрида қилган чиқишида Humo'ни хусусийлаштириш бўйича консултант Deloitte'га тегишли хат юборилганини маълум қилди.

Kaspi – Қозоғистондаги энг муваффақиятли, гигант бизнеслардан бири. Акциялари Американинг NASDAQ биржасида сотилади. 2020 йилда IPO ўтказиб, нақ 21 млрд долларга баҳоланган ва Марказий Осиёдаги биринчи “unicorn” деб эътироф этилганди. Компаниянинг жуда тез ўсаётган Ўзбекистон финтех бозорига кириб келиши аввалдан тахмин қилинган эди, чунки Қозоғистоннинг молиявий хизматлар ва маркетплейслар бозори тўлиқ эгаллаб бўлинган, ўсиш ва кенгайиш учун ички бозорда имконият қолмаган. Шундай шароитда Kaspi'нинг Humo'ни сотиб олган ҳолда Ўзбекистонда пайдо бўлиши бозорда анча жиддий ўйинчи пайдо бўлганини англатади.

Қозоқ гигантининг бу қизиқиши Humo'ни кўз остига олган маҳаллий инвесторларни хурсанд қилмаётгани аниқ. Ижтимоий тармоқларда миллий тўлов тизимининг хориж компанияси қўлига ўтиши хавфли деган мазмундаги постлар тарқатилди. Humo'ни сотиб олишга асосий даъвогарлардан бири Uzum экотизими экани айтиляпти. Ўз навбатида, экспертлар Humo'нинг ўз банкига эга Uzum ихтиёрига ўтиши банклараро рақобатга путур етказиши мумкинлигидан хавотирда.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Мустақиллик байрами арафасида бир неча юз ўзбекистонлик давлат мукофотлари билан тақдирланди. Бир қатор ҳукумат аъзолари, вилоятлар ҳокимлари ва бошқа таниқли сиёсатчилар ҳам шулар жумласидан. Улар орасида энергетика вазири, экология вазири, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори, Солиқ қўмитаси раиси, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳокимлари каби охирги вақтларда жамоатчилик танқидига нишон бўлган амалдорлар ҳам бор.

Давлат мукофотлари билан тақдирланганлар қаторида Париж олимпиадаси совриндорлари ҳам бор. Мукофотларни топшириш маросимида президент Шавкат Мирзиёев кейинги олимпиадада энди топ-ўнталикка киришни мақсад қилиш кераклигини айтди. Ҳафта давомида, шунингдек, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги томонидан совриндор спортчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.

Енгил атлетикачи Асила Мирзаёрова Паралимпиада рекордини янгилаб, Ўзбекистонга илк олтин медални олиб берди. Т11 классида узунликка сакраш дастурида иштирок этган спортчи аввалига 5,22 метр натижа кўрсатиб, рекорд ўрнатган бўлса, кейинги сакрашда 5,24 метр натижа билан ўз рекордини ўзи янгилади. Шу куни ядро улоқтиришда Қудратулла Маъруфхўжаев ҳам олтин медални қўлга киритди. Шанба кунги баҳслардан олдин Ўзбекистон 2 тадан олтин, кумуш ва бронза – жами 6 та медал билан умумжамо ҳисобида 8-ўринни эгаллаб турибди.

Бойнинг боласи жиноят қилса – шўхлик, камбағалнинг боласи шўхлик қилса – жиноят, деганлари бежиз эмас. Наманганда суд ҳокимнинг ўғлига бошқача, оддий фуқарога бошқача муносабатда бўлди. Маълум бўлишича, Поп тумани ҳокимининг ўғли фермер хўжалиги раҳбари сифатида 200 млн сўмдан ошиқ электр токини ўғрилагани учун қамоққа олиниб, 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, лекин кейинроқ вилоят суди уни қамоқдан озод қилган. Айни шу суд шундай ишда Жиноят кодексининг бир хил моддаси билан айбланган оддий фуқаронинг апелляция шикоятини рад этиб, унга 2,5 йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирди.

Россия Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини максимал даражада кўпайтирган. Бу ҳақда “Газпром” раиси Алексей Миллер маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали газ узатишнинг техник имкониятидан максимал даражада фойдаланилмоқда. Ўзбекистонга ҳозирги газ узатиш ҳажмларимиз ўтган йили қиш вақтидаги ҳажмлар билан тенг, деди Миллер. Маълум қилинишича, январ-август ойларида Россия Марказий Осиёга етказиб берган газ ҳажми 2 баробарга кўпайган.

Мавзуга оид