Таиландда қора тилапия балиғига қарши «уруш» бошланди
Мамлакатда денгиз маҳсулотларига қирон келтираётган ушбу балиқ турини тутганлар рағбатлантирилмоқда. Қора тилапиянинг тарқалиши Таиланд иқтисодиётига салкам 300 млн доллар зарар келтиради.
Таиланд «энг босқинчи тур» номини олган тилапия балиғига қарши кураш бошлади. BBC’нинг ёзишича, ушбу балиқ тури мамлакат атроф-муҳит тизимига улкан зарар етказиши мумкин.
Қайд этилишича, Таиландда қора тилапиянинг кенг тарқалиши олдин ҳам кузатилган, аммо уларнинг ҳеч бири ҳозиргидек кенг кўламли бўлмаган. Бангкок парламенти депутати Наттача Бунчайинсаватга кўра, ушбу балиқнинг тарқалиши Таиланд иқтисодиётига камида 293 миллион доллар зарар келтиради.
Асосий муаммо шундаки, қора тилапия Таиландда муҳим денгиз маҳсулотлари ҳисобланган майда балиқлар, қисқичбақалар ва чиғаноқ личинкалари билан озиқланади. Шу сабабдан ҳукумат бир неча ойдан бери қора тилапияни тутган инсонларни рағбатлантириб келмоқда. Балиқ нафақат чучук сувда, балки шўр сувда ҳам яшай олади.
Таиланд ҳукумати мазкур турдаги балиқни тутганлар учун бериладиган мукофот пулини икки баробарга оширди — килограмми учун 0,42 доллар. Натижада Бангкок атрофидаги сув ҳавзалари одамлар томонидан эгаллаб олинди, улар пластик идишлар ёрдамида қора тилапияни тутишга киришган.
Расмийлар, шунингдек, тилапия билан озиқланадиган йиртқич балиқлар — Осиё денгиз олабуғаси ва мўйловдор лаққа балиқни ҳам сув ҳавзаларига қўйиб юбормоқда. Аммо улар жуда тез кўпаядиган турга қарши курашишга мажбур: тилапиялар бир мартада 500 тагача увилдириқ ташлайди.
Шу боис ҳукумат генетик модификация қилинган қора тилапияни яратишга ҳам киришган — жорий йил охирига қадар яратилиши кутилаётган ушбу турдаги балиқлар ўзида кам увилдириқ чиқаради.
Мавзуга оид
15:48 / 10.12.2024
Таиландда икки киши массаждан кейин вафот этди
09:42 / 10.12.2024
Ўзбекистон яна икки давлат билан ЖСТ бўйича музокараларни якунлади
11:59 / 05.11.2024
Ўзбекистонлик олимлар Фарғона водийсидан янги балиқ турини топди
10:40 / 08.10.2024