Исроил мухолифати умумий иш ташлашга чақирди
Мухолифат Нетаняҳу ва унинг вазирлар маҳкамасини ҳамасчилар томонидан гаровга олинган исроилликларни қутқаришни истамаётганликда айблади. Мамлакатда 2 сентябрдан умумий иш ташлаш бошланиши мумкин.
Ғазо секторида гаровга олинган олти нафар исроилликнинг жасади топилиши ортидан Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига қарши норозилик намойишлари ва умумий иш ташлашга чақирди. «Нетаняҳу ва ўлим кабинети гаровга олинганларни қутқармасликка қарор қилишди, - деб ёзди Лапид 1 сентябр, якшанба куни X платформасида. - Улар ўлимлар учун жавобгардир». Лапид «бугун эрталаб юраги эзилган ҳар бир фуқарони» Тел-Авивдаги намойишда иштирок этишга чақирди. У касаба уюшмалари, иш берувчилар ва маҳаллий ҳокимият органларини иш ташлашга чақирди.
Шу куни Исроилнинг энг йирик касаба уюшмалари федерацияси ҳукуматга босимни кучайтириш мақсадида умумий иш ташлаш эълон қилди. Ғазо секторидаги гаровга олинганларни энди «ёлғиз қолдириш» мумкин эмас, деди Гистадрут касаба уюшмаси раҳбари Арнон Бар-Давид. «Мен фақат бизнинг аралашувимиз уйғонишга муҳтожларни уйғотиши мумкин деган хулосага келдим», деди Бар-Давид бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига қарата. 2 сентябр куни эрталаб соат 6 дан бошлаб «бутун Исроил иқтисодиёти кенг кўламли иш ташлашга киришади», деб ёзган касаба уюшмаси раҳбари.
Гаровга олинганларнинг жасадида ўқ излари топилган
Бир кун аввал ЦАҲАЛ Рафаҳ аҳоли пункти яқинида яҳудий давлатига ҳужум чоғида ҳамасчилар томонидан ўғирлаб кетилган олти нафар гаровга олинган шахс жасадини топди. Жасадлар ерости туннелидан чиқарилиб, Исроилга олиб кетилган. Ynet Исроил нашрининг суд-тиббий экспертиза хулосаларига таяниб ёзишича, гаровга олинганлар сўнгги 48 соат ичида ўлдирилган.
Ҳозирда 97 киши фаластинликлар қўлида гаровда қолмоқда, бироқ Исроил разведка хизматлари маълумотларига кўра, улардан 33 нафари ҳалок бўлган.
Яқин Шарқдаги кескинлашув
2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40,5 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024