Жаҳон | 21:51 / 02.09.2024
6726
2 дақиқада ўқилади

Исроилда оммавий намойишлар ҳаво қатнови, банклар, савдо марказлари ва транспорт фаолиятини тўхтатди

Ғазода гаровга олинган олти исроилликнинг жасади топилганидан кейин юз минглаб исроилликлар кўчаларга чиқди.

Фото: AP

Исроилнинг энг йирик касаба уюшмаси Histadrut ишчиларни 2 сентябр куни иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари, жумладан банк сектори, соғлиқни сақлаш ва мамлакатнинг асосий халқаро аэропорти Бен Гурион ишига тўсқинлик қилиш мақсадида умумий иш ташлашга чақирди, деб ёзди AP.

Намойишлар Ғазода гаровга олинган исроилликларнинг ўлдирилганига норозилик билдириш мақсадида уюштирилган.

Қайд қилинишича, Тел-Авивдаги Бен Гурион аэропортида маҳаллий вақт билан соат 8:00 дан 10:00 гача парвозлар тўхтатилди. Самолётлар белгиланган вақтдан олдинроқ ёки бироз кечроқ учиб кетди. Шу билан бирга, расмийларга кўра, ушбу даврда учиб келган рейслар вақти ўзгармади.

Шунингдек, иш ташлаш туфайли банклар, йирик савдо марказлари ва давлат хизматлари ёпилди, жамоат транспорти ҳаракати чекланди.

Аҳолиси зич жойлашган марказий Исроилда, жумладан Тел-Авивда мактаб соатлари қисқартирилди ва болалар боғчалари ёпилди. Аммо, айрим аҳоли пунктлари, жумладан Қуддус ҳам иш ташлашда иштирок этмади.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, бу Ҳамасга қарши уруш бошланганидан кейин энг йирик намойишлар ҳисобланади.

Исроил молия вазири Бецалел Смотрич мамлакат бош прокуроридан иш ташлашга қарши шошилинч тақиқлар қўйишни сўраган. Бош прокурор номига йўллаган мактубида вазир иш ташлаш уруш даврида иқтисодиётга зарар етказиши ва хавфли прецедент яратишини таъкидлаган.

Аввалроқ, Ғазода гаровга олинган олти исроилликнинг жасади топилганидан кейин юз минглаб одамлар Тел-Авив ва Қуддус кўчаларига намойишга чиққан эди. Гаровга олинганларнинг оилалари ва жамиятнинг салмоқли қисми воқеада Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни айбламоқда. Уларнинг фикрича, Ҳамас билан келишувга эришилган тақдирда гаровга олинганлар тирик ҳолда қайтарилиши мумкин.

Мавзуга оид