Жаҳон | 23:06 / 04.09.2024
3658
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ: Хитой барча маълумотларни тақдим этмагунча COVID-19 пандемияси сабабини аниқлаб бўлмайди

Бутун дунёда ковид билан боғлиқ фавқулодда ҳолат режими 2020 йил январдан 2023 йил 5 майга қадар давом этди. Ҳозирга қадар 776 миллиондан ортиқ инсонда коронавирус аниқланган бўлиб, уларнинг 7 миллиондан ортиғи вафот этган.

Фото: AP

Хитой касалланишнинг дастлабки ҳолатлари бўйича барча маълумотларни тақдим этмас экан COVID-19’нинг қаердан пайдо бўлганини аниқлашнинг имкони йўқ. Бу ҳақда Женевада ўтказилган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус маълум қилди.

«Кўп маротаба таъкидлаганимиздек, ушбу жараён учун Хитой билан ҳамкорлик зарур. Бунга COVID-19’нинг энг биринчи шубҳали ҳолатлари аниқланган Хуанан денгиз маҳсулотлари бозори ва Ухан лабораториясида қилинган ишлар киради. Биз ҳозирга қадар COVID-19 қандай бошланганини билмаймиз, афсуски, унинг манбасини аниқлаш бўйича бошланган ишлар якунланмай қолиб кетди», — дейди ЖССТ бош директори.

Гебрейесуснинг маълум қилишича, ҳозирда Янги хавфли патогенлар бўйича илмий-маслаҳат экспертлар гуруҳи (SAGO) COVID-19 пандемиясининг бошланиши бўйича мустақил баҳолашини якунламоқда. Унинг сўзларига кўра, асл сабабни аниқлаш учун ЖССТга аъзо барча давлатлардан ҳамкорлик ва шаффофлик талаб этилади.

Бутун дунёда ковид билан боғлиқ фавқулодда ҳолат режими 2020 йил январдан 2023 йил 5 майга қадар давом этди. 2020 йил 11 март куни ЖССТ COVID-19’нинг тарқалишини пандемия деб таърифлади. 2024 йил 18 август ҳолатига кўра, дунёда 776 миллиондан ортиқ инсонда коронавирус аниқланган бўлиб, уларнинг 7 миллиондан ортиғи вафот этган.

Мавзуга оид