Жаҳон | 00:00 / 06.09.2024
2247
2 дақиқада ўқилади

Конго mpox’га қарши вакцинанинг биринчи партиясини қабул қилиб олди

Вакцина Даниянинг Bavarian Nordic фармацевтика компанияси томонидан яратилган бўлиб, у Европа Иттифоқи ва АҚШда маъқулланган ягона вакцина тури ҳисобланади.

Фото: The New Times

Конго Демократик Республикаси маймунчечак (mpox) эпидемиясига қарши вакцинанинг биринчи партиясини қабул қилиб олди. Соғлиқни сақлаш органлари бу касаллик тарқалишини тўхтатишига умид қилмоқда.

Аҳолиси 100 миллионга етадиган Марказий Африка давлатлари эпидемия марказида жойлашган бўлиб, ўтган ойда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Reuters агентлигининг маълум қилишича, Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилган вакцина дозалари ортилган самолёт 5 сентябр куни соат 13:00 да мамлакат пойтахти Киншасага келиб қўнган. Конго соғлиқни сақлаш вазири Семюел Рожернинг сўзларига кўра, янги вакцина Қўшма Штатларда ўз самарасини кўрсатган ва мамлакатдаги катта ёшли инсонлар у билан эмланади.

Вакцина Даниянинг Bavarian Nordic фармацевтика компанияси томонидан яратилган. У Европа Иттифоқи ва АҚШда маъқулланган ягона вакцина тури бўлиб, фақат катта ёшли инсонларда фойдаланишга рухсат берилган. Айни вақтда 12 ёшдан катта болалар ўртасида ҳам синовлар олиб борилмоқда.

ЕИнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича бошқармаси бошлиғи Лоран Мушелнинг айтишича, биринчи партиядан 99 минг доза ўрин олган, 7 сентябр куни етказиладиган кейинги партияда 200 минг доза вакцина бўлади. Европа умумий ҳисобда минтақага 566 минг доза вакцина етказишни режалаштирган.

Мавзуга оид