Жаҳон | 23:18 / 06.09.2024
4040
2 дақиқада ўқилади

Словакия бош вазирига ўқ узган ёзувчи ўзининг озод этилишини сўрамоқда

Цинтула Словакия Олий судига қуйи инстанция суди қарори устидан шикоят киритган. Ёзувчи ўз талабини тўшакка михланган рафиқаси уйда уни кутиб, йиғлаётгани билан изоҳламоқда.

Юрай Цинтула / Фото: Novy Cas

Словакия бош вазири Роберт Фицога суиқасд уюштирган 72 ёшли ёзувчи Юрай Цинтула 15 майдан бери сақланаётган тергов ҳибсхонасидан ўзини озод этишларини сўрамоқда.

Қайд этилишича, Цинтула Словакия Олий судида ўзининг судгача тергов ҳибсхонасида сақлашга қарор чиқарган қуйи инстанция судига эътироз билдирмоқда. Ёзувчи ўз талабини тўшакка михланган рафиқаси уйда уни кутиб, йиғлаётгани билан изоҳлаган.

Экспертларнинг прогнозига кўра, айбланувчининг сўрови рад этилади, чунки ёзувчи томонидан амалга оширилган жиноят теракт сифатида таснифланган.

Фицо Гандлова шаҳрида амалга оширилган суиқасдда яраланиб, бир нечта операцияни ўтказди ва июл ойида ўз хизмат мажбуриятларини бажаришга киришди.

Словакия ҳукумати раҳбарига уюштирилган ҳужумдан кейин давлат амалдорлари, сиёсатчилар ва етакчи ОАВ таҳририятларида соқчилар хизмати кучайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, Словакия президенти Зузана Чапутова, Германия канцлери Олаф Шолц, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен, шунингдек, бошқа Европа давлатлари раҳбарлари Словакия бош вазирига қилинган ҳужумни қоралаган эди. 

Роберт Фицо Словакия ҳукумати раҳбари лавозимини 2023 йил октябр ойида ўзининг «Йўналиш – социал демократия» популистик партияси парламент сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг учинчи марта эгаллади. У бунгача 2006-2010 ва 2012-2018 йилларда вазирлар маҳкамасини бошқарган. Охирги кампания давомида ва лавозимга сайланганидан кейин Фицо россияпараст позицияни эгаллади. 

Мавзуга оид