CNN таслим бўлган украиналик аскарларнинг отиб ташланиши акс этган видеони эълон қилди
Телеканал украиналик ҳарбийлардан асирларнинг отиб ташланиши акс этган ёзувларни олганини даъво қилмоқда. Улар Работино ва Покровск ҳудудларида суратга олинган.
Американинг CNN телеканали таслим бўлаётган украиналик аскарларнинг отиб ўлдирилгани акс этган видеони эълон қилди. Ёзувлар унинг веб-сайтида 6 сентябр, жума куни пайдо бўлди.
Айтилишича, биринчи видео август ойи охирида аёвсиз жанглар давом этаётган Донецк вилоятининг Покровск туманида суратга олинган. Унда уч нафар украиналик аскарнинг тиз чўккани, кейин йиқилиб, ерда ётгани кўрсатилган.
Телеканал маълумотларига кўра, иккинчи видео май ойида Запорижжя вилоятининг Работино ҳудудида суратга олинган. Унда Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари бирин-кетин қўлларини кўтарган ҳолда чиқиб келган, шундан сўнг рус армияси аскарларидан бири иккинчисига уларни «ноллаштиришни»ни буюрган. Шундан сўнг улар отиб ташланади.
Украина бош прокурори: уруш бошидан бери 28 та шунга ўхшаш ҳодиса текширилмоқда
Украина бош прокурори Андрей Костиннинг CNN нашрида келтирилган сўзларига кўра, унинг идораси уруш бошланганидан бери юз берган 28 та шундай ҳодисани текширмоқда, уларда жами 62 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлган. Журналистларнинг ёзишича, украин разведка манбалари уларга украиналик жангчилар қўлга олинмасдан ўлдирилган 15 та ҳолат рўйхатини тақдим этган.
Костин CNN билан суҳбатда даъво қилинган отиб ўлдириш ҳолатларини ҳарбий жиноятлар ва Кремл режалаштирган сиёсатнинг бир қисми деб атади. У қуролсиз таслим бўлаётганини кўрсатган ҳарбий асирнинг судсиз ўлдирилиши уруш қоидаларини бузишини қайд этди.
Россия Мудофаа вазирлиги, CNN хабарига кўра, Украина томони айбловларига изоҳ бериш сўровига жавоб қайтармади.
БМТ: Россияда украиналик асирларнинг 95 фоизи қийноққа солинган
Деярли барча украиналик ҳарбий асирлар - 95 фоизи - Россияда қийноққа солинмоқда, деди БМТнинг Киевдаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси раҳбари Даниэл Белл NOS нидерланд телеканалига берган интервюсида.
«Уларни металл таёқ ва дубинкалар билан калтаклашади, электр токи билан қийноққа солишади. БМТ номидан асирлар билан мулоқот қилишда 20 йил давомида кўрган энг ёмон нарсам. Қийноқлар кенг тарқалган ва тизимли», - дейди Белл. У украиналик аскарларни қийноққа солиш биринчи сўроқдан бошланишини таъкидлади.
БМТ вакилининг айтишича, у украиналик маҳбуслар билан суҳбатлар натижалари асосида шундай хулосага келган.
Мавзуга оид
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024