Ўзбекистон | 19:55 / 12.09.2024
6501
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқ металл тузилмалар заводи 39,9 млрд сўмга сотилди

Чирчиқ металл тузилмалар заводини аукционда ягона нарх таклифини берган “UET Construction” МЧЖ 39,9 млрд сўмга (бошланғич нархдан 5 фоизга юқори) сотиб олди. Компания муҳандислик иншоотлари қурилиши билан шуғулланади, устав капитали – 1,2 млрд сўм.

Фото: E-Auksion.uz

11 сентябр куни бўлиб ўтган электрон аукционда “Электртармоққурилиш” АЖнинг Чирчиқ металл тузилмалар заводи бино ва иншоотлари сотилди.

Кимошди савдоси 24 дақиқа давом этди. Унда 39,9 млрд сўм (бошланғич баҳодан 5 фоиз юқори) нарх таклифини берган “UET Construction” МЧЖ ғолиб деб топилди. Савдо вақтида бу корхонадан бошқа иштирокчилар таклиф бермади.

Объект Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри Трансформаторчилар кўчасида жойлашган бўлиб, 4,6 гектар майдонни эгаллаган. E-auksion маълумотига кўра, завод барча асбоб-ускуналари, автотранспорт воситалари, темирйўли ва тепловози билан комплекс равишда сотувга қўйилган.

Инвестор объектнинг сотилган якуний нархидан 50 фоизи миқдоридаги суммани 10 кун мобайнида тўлаши, қолган қисмини 6 ой муддат ичида тўлаши керак.

Очиқ маълумотларга кўра, аукцион ғолиби “UER Construction” МЧЖ 2023 йил апрел ойида Тошкент шаҳрида ташкил этилган. Устав капитали – 1 миллиард 245 миллион сўм бўлиб, у корхона муҳандислик иншоотлари қурилиши билан шуғулланади. Таъсисчиси – Ҳайдархонов Акмалхон Аъзамхон ўғли.

Чирчиқ металл тузилмалар заводи 2023 йил апрел ойида бўлиб ўтган кредиторлар умумий йиғилиши қарори асосида жорий йил май ойида кимошди савдосига қўйилган.

Аввалроқ спирт ишлаб чиқарувчи Андижон биокимё заводининг 96 фоизлик давлат улуши 101,3 млрд сўмга Jasmine Gold Group'га сотилган эди.

Мавзуга оид