Жаҳон | 19:33 / 17.09.2024
2419
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссиянинг янги таркиби эълон қилинди

Урсула фон дер Ляйен ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили лавозимига Эстония собиқ бош вазири Кая Калласни тайинлади.

Фото: Jean-Francois Badias/AP Photo/picture alliance

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен 17 сентябр куни кейинги беш йил давомида ўз жамоасидан ўрин оладиган 27 кишининг исмини эълон қилди. Унга кўра, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили лавозимига Эстония собиқ бош вазири Кая Каллас тайинланади.

Стефан Сежурне Европа саноат стратегияси ва ички бозор бўйича Европа комиссари этиб тайинланиши кутилмоқда. У мазкур лавозимга Франция ТИВ раҳбарлигидан ўтади — амалдаги еврокомиссар Терри Бретон Еврокомиссиянинг янги таркибида киришдан бош тортган. Бретон ўз қарорини идора раҳбари фон дер Ляйен билан юзага келган келишмовчилик сабаб қабул қилганини билдирган.

Еврокомиссия таркибида илк бор мудофаа бўйича комиссар лавозими пайдо бўлади — уни литвалик евродепутат, Европа парламентининг Россия бўйича махсус маърузачиси Андрюс Кубилюс эгаллайди. Фон дер Ляйен иқтисодий ва ишлаб чиқариш масалалари бўйича еврокомиссар лавозимига латвиялик Валдис Домбровскисни, иқтисодий хавфсизлик комиссарлигига эса словакиялик Марош Шефовични тавсия этди.

Фон дер Ляйен идоранинг янги таркибидан 11 нафар аёл ўрин олиши, бу квотанинг 40 фоизини ташкил этишига алоҳида урғу берди. Еврокомиссиянинг янги таркиби Европа парламенти томонидан тасдиқланса, у 1 ноябрдан иш бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, июл ўрталарида Урсула фон дер Ляйен иккинчи муддатга Еврокомиссия раҳбари этиб тасдиқланган эди. Яширин овоз бериш жараёнида фон дер Ляйенни ёқлаб 401 нафар овоз берилган, 284 нафар депутат қарши, 15 нафари эса бетараф қолган. Сайланиш учун унга 361 овоз етарли эди.

Мавзуга оид