Жаҳон | 15:32 / 23.09.2024
10825
2 дақиқада ўқилади

Асалари заҳри таркибида саратонга қарши модда топилди

Олимлар ўтказган тажрибада асалари заҳридаги мелиттин пептид моддаси 20 дақиқа ичида саратон ҳужайраларига таъсир ўтказа бошлаши маълум бўлди.

Фото: Pixabay

Ғарбий Австралия университети ва Ҳарри Перкинс институти олимлари асалари заҳридаги мелиттин пептиди саратон ҳужайраларини йўқ қилишга қодирлигини аниқлади. Тадқиқот натижалари NPJ Nature Precision Oncology илмий журналида эълон қилинди.

Олимлар Ғарбий Австралиянинг Перт шаҳридан, шунингдек, Ирландия ва Англиядан олиб келинган 312 та асалари ва тукли ариларнинг заҳрини ўрганиш давомида мелиттин моддасининг ноёб саратонга қарши хусусиятларини кашф этди. Ушбу пептид сут бези саратонига чалинган сичқонларга юборилганда, тадқиқотчилар унинг ғоят кучли эканини аниқлади — мелиттин саратон ҳужайраларининг мембраналарини атиги 60 дақиқа ичида парчалай олган.

Ҳайвон организмига юборилганидан кейин 20 дақиқа ичида мелиттин саратон ҳужайраларининг ўсиши ва бўлиниши учун зарур бўлган кимёвий сигналларни бостириш қобилиятини намоён этган.

Бундан ташқари, тадқиқотчилар мелиттин моддаси доцетаксел сингари кимётерапия дорилар билан биргаликда қўлланганда кўкрак бези саратонининг жиддий турларини даволашда самарали бўлиши мумкинлигини аниқлади. Сичқонлар устида ўтказилган тажрибалардан маълум бўлишича, мелиттин ва доцетаксел комбинацияси ўсмаларнинг ўсишини сезиларли даражада секинлаштиради.

Мавзуга оид