Ўзбекистон | 17:09 / 24.09.2024
23084
4 дақиқада ўқилади

“Ҳамма фермер имзо қўйиб бериши керак” — пахта етиштирувчилар нархни туширишга мажбурланмоқда

Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоров туман ҳокимига ҳамма фермерларни мажлисга йиғиб, “биржа томонидан ташлаб берилган бланка”га муҳр ва имзо қўйдиришни топширди. Бу билан, фермерлар ва кластерлар ўртасида 8-9 млн сўмдан тузилган шартномаларнинг ҳаммаси ўзгартирилиб, пахта нархи туширилади.

Раҳматулло Ғаффоров

Пахта-тўқимачилик кластерлари фермерларга етиштирилган пахта учун йил бошида тузилган шартномалардаги нархда тўлов қилишни истамаяпти. Бунга жаҳон бозорида пахта хомашёси арзонлашгани важ қилиб кўрсатилмоқда. Жойларда фермерлар кластер билан тузган шартномаларни ўзгартириш бўйича “ихтиёрий-мажбурий” тарзда қўшимча шартномалар тузишга мажбурланмоқда.

Kun.uz'га келиб тушган аудиоёзувда Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоров туманлардан бирининг ҳокимига шу мазмунда топшириқ берганини эшитиш мумкин. Амалдор Тошкентдан “бланка” ташлаб берилганини айтиб, фермерлар унга имзо қўйиб бериши зарурлигини таъкидлаган.

Ҳоким бува, ҳозир Тошкентдан, биржа томонидан бланка ташлаб берилди. Эртага 100 фоиз фермер хўжаликлари йиғилишда қатнашиши шарт. Ҳамма фермер йиғилганида, шу бланкага печат бостириб, бир тарафига имзо қўйдириб бериши керак. Вазирлар Маҳкамасининг янги чиққан 574-сонли қарори ижроси мана шу билан бўлиб кетади. Қайтадан 6800 сўмдан бўлади, устига давлат субсидия беради, 1000 сўм қўшилганидан кейин 7800 сўм бўлади.  Олдинги тузилган, 8000-9000 сўмдан сотилган ҳаммаси 100 фоиз бекор бўлади”, – деган ҚХБ бошлиғи.

Kun.uz мухбири Telegram'да бу овозли хабарни йўллаган “Гаппаров Рахматулла” номли аккаунтга бириктирилган +998 9х-ххх-22-26 телефон рақамига қўнғироқ қилди. Гўшакни Раҳматулла Ғаффоров кўтарди ва ўзини таништирган мухбирга “Ғаниевнинг видеойиғилишида ўтиргани”ни, “ундан чиқиб боғланиши”ни айтди. У катта эҳтимол билан давлат раҳбарининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниевни назарда тутган.

Раҳматулло Ғаффоров аудиода айтиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг 574-сонли қарори билан Ўзбекистонда фермерлар ва кластерлар ўртасида пахта хомашёсини етиштириш бўйича йил бошида тузилган шартномаларга қўшимча келишувлар тузилмоқда.

Йил бошида 2024 йил ҳосилидан биринчи нав иккинчи синф бир тонна пахта хомашёсининг бошланғич фючерс нархи, жаҳон бозоридаги охирги 12 ойлик ўртача котировкалардан келиб чиқиб, 7 млн 800 минг сўм деб эълон қилинган эди. Шунга мувофиқ, фермерлар ва кластерлар ўртасида фючерс шартномалари тузиш бўйича биржадаги савдоларга шу бошланғич нарх асос бўлганди.

Бироқ шундан кейин ўтган даврда жаҳон бозорида пахта хомашёси нархи арзонлашди. Вазирлар Маҳкамасининг 16 сентябр куни қабул қилинган “Пахта хом ашёси етиштирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, айни пайтда жаҳон бозорида пахта хомашёсининг бошланғич фючерс нархлари тоннасига 6 млн 800 минг сўм атрофида шаклланмоқда.

Ҳукумат бу вазиятда пахта етиштирувчилар томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинган (электрон ҳисоб-фактура асосида) бир тонна пахта хомашёси (пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан етиштирилган пахта хомашёси ҳамда уруғлик пахта бундан мустасно) учун 1 млн сўм миқдорида субсидия ажратган ҳолда, 2024 йил учун пахта етиштирувчилар ва қайта ишловчилар ўртасида биржа савдоларида тузилган шартномалар бўйича нархни пасайтиришга, минимал 6 млн 800 минг сўм деб белгилашга қарор қилди.

Ҳукумат қарори фермерларда эътирозлар уйғотмоқда. Kun.uz'га мурожаат қилган фермер хўжаликлари раҳбарлари арзон нархда қўшимча келишувлар тузиш учун уларга босим қилинаётгани, янги шартларга кўнмагунча, айрим кластерлар терилган пахтани олмаётганини маълум қилган.

Kun.uz суҳбатлашган мутахассисларнинг фикрича, бу ҳаракатлар бозор иқтисодиёти тамойилларига мутлақо зид бўлиб, соҳа қатнашчилари ўртасида соғлом иқтисодий алоқалар муҳити юзага келишига, ҳақиқий бозор муносабатларини шакллантириш йўлида тўсиқ бўлмоқда.

Мавзуга оид