Жаҳон | 21:40 / 27.09.2024
4221
2 дақиқада ўқилади

Ван Гогнинг «Кунгабоқарлар»ига шўрва сепган фаоллар озодликдан маҳрум этилди

Судда ўз манфаатларини ўзи ҳимоя қилган айбланувчининг таъкидлашича, бу нафақат фаолларга, балки «демократия асосларига» ҳам чиқарилган ҳукмдир.

Фото: AFP

Суд Лондондаги Миллий галереяда Винсент Ван Гогнинг «Кунгабоқарлар» картинасига помидор шўрва сепган Just Stop Oil ҳаракатининг икки фаолига қамоқ жазосини тайинлади, деб хабар беради BBC News.

Қайд этилишича, 23 ёшли Фиби Пламмер икки йил муддатга, 22 ёшли Анне Холланд эса 20 ойга озодликдан маҳрум этилган. Июл ойида суд ҳайъати фаолларни қонунга хилоф равишда зарар етказишда айбдор деб топганди.

Пламмер ва Холланд 2022 йил октябрда, ер қаъридан ёнилғилар қазиб олинишига қарши бўлган Just Stop Oil ҳаракатининг майкаларида «Кунгабоқарлар» картинасига томат шўрвасини сепиб, ўз кафтларини картина остидаги деворга ёпиштирган эди. Полотно ҳимоя ойнаси ортида бўлгани учун унга ҳеч қанақа зарар этмаган. Акция натижасида XVII асрга тегишли, қиймати 10 минг фунт стерлингга тенг Италия роми шикастланган.

Судя Кристофер Хэхир ҳукмни эълон қилар экан, акция доирасида «маданий хазина»га «жиддий зарар етиши ёки ҳатто йўқ қилинган бўлиши» мумкинлигини маълум қилди. «Картинага шикаст етдими ёки йўқ — сизларга барибир. «Кунгабоқарлар» билан бундай иш қилишга ҳаққингиз йўқ эди», — дейди у фаолларга мурожаатида.

Холланд ҳимоясининг айтишича, акциядан олдин фаоллар картина ҳимояланганига ишонч ҳосил қилган. Судда ўз манфаатларини ўзи ҳимоя қилган Пламмернинг таъкидлашича, бу нафақат фаолларга, балки «демократия асосларига» ҳам чиқарилган ҳукмдир.

Мавзуга оид