Жаҳон | 01:13 / 21.11.2024
6956
2 дақиқада ўқилади

Белгиялик рассомнинг «Ёруғлик империяси» туркумига кирувчи картинаси 121,2 млн долларга сотилди

Белгиялик сюрреалист Рене Магритт картинасини ўзининг аноним қолишини истаб, савдоларда телефон орқали иштирок этган шахс сотиб олди. Картинани сотишдан тушган маблағларнинг бир қисми хайрия мақсадларига йўналтирилади.

Фото: Forbes.ru

Ню-Йоркдаги Christie’s аукционида белгиялик сюрреалист рассом Рене Магриттнинг «Ёруғлик империяси» туркумига кирувчи картинаси 121,2 миллион долларга сотилди, деб хабар беради The Wall Street Journal.

Қайд этилишича, бу Магритт картиналарининг аукциондаги нафақат рекорд нархи, балки жорий йилда кимошди савдолари орқали 100 миллион долларда қимматга сотилган биринчи картина ҳамдир. Christie’s аукционига қадар картина 95 миллион долларга баҳолаган. Магритт ижодининг янги эгаси ўзининг аноним қолишини истаб, савдоларда телефон орқали иштирок этган.

Полотно 1954 йилда чизилган бўлиб, рассомнинг «Ёруғлик империяси» туркумидан ўрин олган. Магритт ушбу туркум доирасида 1940 йилдан 1960 йилга қадар очиқ осмон остидаги тунги пейзажнинг парадоксал тасвирини ифодаловчи 27 та картинани яратган. Сотувга қўйилган картина 2023 йил декабрда вафот этган интерер дизайнери ва санъат асарлари коллекционери Мики Эртегюнга тегишли бўлган. 

«Сюрреализм тимсоли бўлган Магриттнинг Эртегюнга тегишли бўлган иши, эҳтимол, бутун сериядаги энг яхши, энг моҳирлик билан чизилган ва ҳайратланарли даражада гўзал асаридир», — дейди Christie’s кимошди уйининг вице-раиси Макс Картер.

Christie’s савдоларга қадар картинани сотишдан маблағларнинг «катта қисми» хайрия мақсадларига йўналтирилишини маълум қилганди. Магриттнинг «Ёруғлик империяси» туркумига кирувчи бундан олдинги картинаси 2022 йилда Лондондаги Sotheby’s аукциони орқали 79,7 миллион долларга сотилган эди.

Мавзуга оид