Фан-техника | 16:57 / 03.10.2024
8452
2 дақиқада ўқилади

АҚШда AirPods қулоқчинлари ўғирланган Ferrari’ни топишга ёрдам берди

Полиция қулоқчинлар ёрдамида Ferrari’нинг изига тушган.

Фото: Waterbury Police Department

АҚШ полицияси ўғирлаб кетилган 575 минг долларлик Ferrari 2023 ни топди, уларга автомобил эгасининг салонда қолдирган AirPods қулоқчинлари ёрдам берди. Бу ҳақда Apple Insider маълум қилди.

Полиция ходимлари қулоқчинларнинг жойлашувини кузатиб, ёнилғи қуйиш шохобчасигача борган. У ерда гумонланувчи яширинишга улгурган бўлса-да, унинг шахси бошқа қурилма — ўғри машинадан чиқиб қочаётганда тушириб қўйган шахсий iPhone телефони орқали тезда аниқланди.

Автомобил эгаси салонда қолдирган қулоқчинлар, ўғрининг ёнидаги iPhone туфайли Find My иловасига ўзининг аниқ жойлашувини юбориб турган. Бу эса Ferrari’ни кузатиб топишга ёрдам берган.

Жиноятчи 22 ёшли Дион Шоттен экани маълум қилинди. У ҳибсга олиниб, транспорт воситасини ўғирлашда айбланди.

Унинг шериги, 19 ёшли Кион Вебстер ҳам қўлга олинди. Тергов аниқлашича, иккала гумонланувчи ўғирланган автомобилни навбатма-навбат бошқарган.

Уотербери полицияси бошлиғи Фернандо Спанёло Вебстерга бундан аввал ҳам автомобил ўғирлаш ва бошқа жиноятлар билан боғлиқ еттита айблов эълон қилинганини айтди.

Мавзуга оид