Жаҳон | 20:48 / 04.10.2024
1667
2 дақиқада ўқилади

Марбург безгаги глобал тарқалишининг хавфи паст — ЖССТ раҳбари

Африкада тарқалган Марбург безгагининг дунё миқёсидаги пандемияга айланиш хавфи юқори эмас.

Фото: Reuters

Хавфли Марбург вируси келтириб чиқарадиган касалликнинг тарқалиш хавфи глобал даражада паст. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус маълум қилди.

«ЖССТ ушбу эпидемия хавфини миллий даражада жуда юқори, минтақавий даражада юқори ва глобал даражада паст деб баҳолайди», деди Гебрейесус.

Марбург безгаги Шарқий Африкадаги Руанда давлатида авж олди. Ҳозиргача у ерда касалликнинг 36 та ҳолати тасдиқланган, беморлардан 11 нафари ўлган. 25 беш нафари изоляция қилинган ва даволанмоқда.

Қайд этилишича, касаллик тасдиқланган ҳолатларнинг 70 фоиздан ортиғи пойтахт Кигали шаҳридаги иккита тиббиёт муассасаси тиббиёт ходимларидир.

Бу Руандада Марбург безгаги тарқалишининг биринчи ҳолати. 2023 йилда Экватор Гвинеясида ҳам ушбу эпидемия қайд этилган.

Марбург вируси Эбола вирусига «қариндош», аммо ундан хавфлироқ ҳисобланади. Инфекциядан ўлим даражаси 88 фоизга етади. Вирус асосан касалланган одамларнинг тана суюқликлари (қон, сийдик, нажас, қусиш, тупук ва бошқалар) билан алоқа қилиш орқали юқади.

Мавзуга оид