Жаҳон | 13:50 / 05.10.2024
1979
3 дақиқада ўқилади

Орбан: Венгрия Хитой товарларига Евроиттифоқ божлари оширилишига қарши

Венгрия бош вазири Брюсселни Пекинга қарши «иқтисодий совуқ уруш» олиб бораётганликда айблади ва унинг мамлакати «ҳар икки томон билан» савдони давом эттиришни хоҳлашини айтди.

Фото: Omar Havana / Getty Images

Европа Иттифоқига аъзо аксарият давлатлар Хитой товарларига оширилган божлар жорий этилишини қўллаб-қувватлайди, бироқ Венгрия бу қадамга қарши. Бу ҳақда Венгрия бош вазири Виктор Орбан 4 октябр, жума куни эрталаб Kossuth Венгрия давлат радиостанциясига берган интервюсида маълум қилди.

Иқтисодий нуқтайи назардан, Европа Иттифоқи Хитой билан «совуқ уруш» бошлашга интилмоқда, деди Орбан. «Бироқ, агар дунё икки блокка бўлинган бўлса, Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган товарларни жаҳон бозорида сотиш қийин бўлади», дея қўшимча қилди у. Унинг сўзларига кўра, Венгрия «ҳар икки томон билан ҳам (Европа бозорида ҳам, Хитой билан ҳам» савдо-сотиқни давом эттириш ниятида. «Нархларнинг шифтини жорий қилиш каби чора барқарор бўлмайди ва фақат фавқулодда вазиятларда, қисқа вақт ичида қўлланиши мумкин», деди у.

Бироқ, Будапешт Европа Иттифоқида мунозарали тарзда қабул қилинаётган «иқтисодий бетарафлик» стратегиясини муваффақиятли амалга оширишда давом эта оладими ёки йўқми, аниқ эмас, деди Орбан.

Венгрия бош вазирининг сўзларига кўра, унинг ҳукумати келгуси икки-уч йил ичида ўртача ойлик иш ҳақи 1 миллион форинт (2490 евро)га эришиш мақсади билан иқтисодий ўсишни таъминламоқчи. Венгрияда ҳозирги кунда ўртача ойлик иш ҳақи 1495 еврони ташкил қилади.

Украинадаги уруш ва Яқин Шарқда кучайиб бораётган можаро ҳақида гапирар экан, Виктор Орбан шундай деди: «Ташқи сиёсатга эътибор қаратиш табиий васвасаси бор, лекин биз бунга кўнмаслигимиз керак, диққатимизни ички ишлар ва иқтисодиётга қаратишимиз лозим». Европа Иттифоқининг Хитой билан олиб бораётган «иқтисодий совуқ уруши» Будапештнинг бу мақсадларга эришишига тўсқинлик қилмаслиги шарт, дея қўшимча қилди у.

ЕК: Хитой электромобилларига божларни ошириш йўли очилди

4 октябр куни Европа Иттифоқининг 27 давлатидан ўнтаси Хитойдан электромобиллар учун божхона тўловларини оширишни қўллаб-қувватлаш учун овоз берди, деб хабар беради Еврокомиссия (ЕК) матбуот хизмати. Европа Иттифоқининг бешта давлати бу қарорга қарши чиқди, 12 давлат эса бетараф қолди.

Европа Иттифоқининг ижро этувчи органи бўлган ЕК баёнотига кўра, олинган овозлар божларни ошириш учун етарли, аммо Пекин билан бу мавзу бўйича музокаралар давом этади. Айни пайтда Хитой томони овоз бериш натижаларини кескин танқид қилди.

Мавзуга оид