Грузия парламенти президентнинг импичментини қайта бошлайди
Грузия президенти Саломе Зурабишвилига ҳукуматдан рухсат сўрамай хориж сафарларини амалга оширгани учун ҳукмрон партия президент импичменти талаби билан чиқди.
«Грузия орзуси» ҳукмрон партияси мамлакат президенти Саломе Зурабишвили импичменти жараёнини қайта бошлаш ташаббуси билан чиқди.
«Парламент аъзоларининг кўпчилиги Саломе Зурабишвилига импичмент эълон қилиш жараёнини қайта бошлаш бўйича қарор қабул қилди ва парламент янги чақириғининг йиғилишларида камида 100 та овоз билан у импичмент орқали лавозимидан четлаштирилади», — дейди «Грузия орзуси» сиёсий кенгаши аъзоси ва парламент раиси Шалва Папуашвили.
Партиянинг қарори Зурабишвилининг Париж, Брюссел, Берлин ва Варшавага ташрифлари, у ерда Европа кенгаши президенти Шарл Мишел, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен, Полша, Германия ва Франция президентлари билан учрашувига боғлиқ.
Папуашвилининг баёнотига кўра, 2023 йил 16 октябрда Конституциявий суд мамлакат бош қонунининг 52-моддасига мувофиқ Грузия президенти хориж ташрифларини фақат ҳукумат розилиги билан амалга ошириши белгиланганини эълон қилган. Аммо Зурабишвили чет эл сафарлари учун ҳеч қанақа рухсат олмаган.
2023 йилда Грузия Конституциявий суди «Грузия орзуси»нинг президент хориж сафарларига ҳукумат рухсатисиз чиқаётгани борасидаги даъвосини қаноатлантирган эди. Мамлакат Конституциявий судининг олти нафар судяси ушбу қарорни ёқлаб овоз берган. Аммо Грузия парламенти Саломе Зурабишвилини лавозимдан четлата олмаганди. Импичмент учун 86 нафар депутат овоз берган — Грузия президентини четлатишга 100 нафар овоз талаб этилади.
Зурабишвилининг ваколатлари 2024 йил 26 октябр куни ўтказиладиган парламент сайловларидан кейин тугайди. Конституцияга мувофиқ, президентлик сайловлари қайта сайланган парламентнинг биринчи йиғилишидан кейинги 45 кун ичида ўтказилади. Зурабишвили олдинроқ иккинчи муддатга номзодини қўймоқчи эканини маълум қилганди. Мамлакатда биринчи марта президентни халқ эмас, балки сайлов коллегияси сайлайди.
Мавзуга оид
11:31
Зурабишвили: Гуржистон президенти ва бош қўмондони бўлиб қоламан
19:23 / 22.12.2024
Гуржистон бош вазири Кобахидзе президент Зурабишвилига жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди
15:08 / 19.12.2024
Зурабишвили Гуржистонда янги сайловлар ўтказишга чақирди
16:31 / 18.12.2024