Жаҳон | 23:12 / 08.10.2024
15167
2 дақиқада ўқилади

Россия компаниялари мигрантлар етишмовчилигидан оммавий шикоят қилмоқда

Россияга келадиган мигрантлар оқими коронавирус пандемияси даврида қисқариб кетди ва 2022 йилда Украинага қарши бошланган урушдан кейин ҳали ҳам ўнгланмади.

Фото: РИА Новости

Россиядаги компанияларнинг ярмидан кўпи (53 фоиз) чет эллик ишчи кучлари етишмаётганини маълум қилди, деб хабар беради The Moscow Times.

Қайд этилишича, энг кўп талаб қурувчиларга (35 фоиз), хизмат кўрсатиш (25 фоиз) ҳамда ишлаб чиқариш соҳаси (23 фоиз) ходимларига мавжуд.

Россия компанияларида асосан МДҲ ва ЕОИИ мамлакатларидан бўлган фуқаролар ишлайди — 48 фоиз. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва Осиё (Хитой, КХДР, Вьетнам, Таиланд, Камбожа), Африка (ЖАР, Нигерия, Зимбабве) ҳамда Яқин Шарқ (БАА, Иордания, Исроил) давлатларидан келиб ишлайдиган ишчилар сони 10 фоизни ташкил этади.

Россия Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи томонидан ўтказилган сўровда компанияларнинг учдан икки қисми меҳнат муҳожирларини жалб қилишда қийинчиликка дуч келаётганини маълум қилган. Уларнинг 56 фоизи асосий муаммо сифатида меҳнат бозорида керакли мутахассислар йўқлигини айтган бўлса, 38 фоизи лавозимга номзодлар рус тили бўйича имтиҳонларни топшира олмаётганини билдирган. Деярли ҳар бешта компаниядан биттаси ишчиларни ёллашга қўйилган чекловлардан шикоят қилган.

Россияга келадиган мигрантлар оқими коронавирус пандемияси даврида қисқариб кетди ва 2022 йилда Украинага қарши бошланган урушдан кейин ҳали ҳам ўнгланмади. 2023 йилда Россия меҳнат бозоридаги мигрантлар сони қарийб 3,5 миллион кишини ташкил этган — бу 2019 йилги кўрсаткичдан 1 миллион кишига кам демак.

Москванинг «Крокус Сити Холл» концерт залидаги терактдан сўнг Россия ҳукумати миграция сиёсатини кескинлаштирди. Биринчи навбатда Марказий Осиёдан келган мигрантларга қарши турли чоралар кўрмоқда. Хавфсизлик кучлари мунтазам равишда ноқонуний мигрантлар ишлаши мумкин бўлган корхоналарда рейдлар ўтказади, депутатлар ва мансабдор шахслар мигрантларга қарши баёнотлар билан чиқади. Давлат Думаси Россиядаги мигрантлар ҳаётини сезиларли даражада мураккаблаштиришга қаратилган бир нечта қонун лойиҳаларини кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, янги қоидалар бундай одамларнинг ҳуқуқларига тубдан таъсир қилади.

Мавзуга оид