Жаҳон | 20:06 / 09.10.2024
3362
3 дақиқада ўқилади

Кимё бўйича Нобел мукофоти совриндорлари номи эълон қилинди

Кимё бўйича Нобел мукофоти AlphaFold2 дастури яратувчилари Хассабис ва Жамперга «оқсилнинг уч ўлчамли тузилиши прогнози учун», Бейкерга эса «оқсилнинг компютер дизайни учун» топширилади.

Фото: AFP

Нобел қўмитаси кимё бўйича 2024 йилги мукофот совриндорларини эълон қилди. Мукофотга Девид Бейкер, Демис Хассабис ва Жон Жампер муносиб кўрилди.

AlphaFold2 дастури яратувчилари Хассабис ва Жамперга «оқсилнинг уч ўлчамли тузилиши прогнози учун», Бейкерга эса «оқсилнинг компютер дизайни учун» мукофот топширилади.

Қайд этилишича, лауреатларнинг ишлари қарийб ярим асрдан бери кимё ва биология олдида турган фундаментал муаммони ҳал этишга хизмат қилмоқда: протеиндаги аминокислоталарнинг кетма-кетлиги унинг уч ўлчамли тузилишини белгилайди, аммо ҳозирга қадар фақат шу кетма-кетлик орқали аниқ қандай бўлиши кераклигини олдиндан айтиб бўлмасди.

7 октябр куни Нобел ҳафталигига старт берилди. Биринчи бўлиб, физиология ва тиббиёт бўйича мукофот эгаларининг номи эълон қилинди. Америкалик олимлар Виктор Амброс ва Гери Равкан микроРНКни кашф қилгани учун бу йилги мукофот билан тақдирланди.

Физика бўйича мукофот эса Жон Хопфилд ва Жеффри Хинтонга насиб этди — уларга мукофот «сунъий нейрон тармоқлари ёрдамида Machine Learning’нинг асосини ташкил этувчи фундаментал кашфиётлар ва ихтиролар учун» берилади.

10 октябрда эса адабиёт бўйича Нобел мукофоти ғолибларининг номлари маълум бўлади. 11 октябр куни Ослода тинчлик мукофоти совриндори эълон қилинади, 14 октябрда эса иқтисодиёт бўйича мукофот ғолиби аниқланади. Нобел мукофотининг ҳар бир категорияси учун 11 миллион швед кронаси тадқим этилади. Бу бир миллион доллардан бироз кўпроқ.

Мавзуга оид