Иқтисодиёт | 18:10 / 16.10.2024
4315
9 дақиқада ўқилади

Демократиянинг иқтисодий қийматини очган трио. Иқтисодиёт бўйича Нобел кимларга берилди?

Иқтисодиёт бўйича бу йилги Нобел мукофоти АҚШ университетларида фаолият юритувчи уч профессор – Дарон Ажемўғли, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсонга берилди. Хўш, улар илм-фанда қандай янгилик қилишган?

Иллюстрацияда AP, Reuters ва EPA суратларидан фойдаланилди.

Иқтисодиёт бўйича бу йилги Нобел мукофоти АҚШ университетларида ишловчи уч иқтисодчи Дарон Ажемўғли, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсонга мамлакатлар ўртасидаги бойликдаги тафовут, хусусан, Европа мустамлакаси баъзи мамлакатларнинг бой бўлишига, бошқалари эса камбағал бўлиб қолишига олиб келганини кўрсатувчи тадқиқотлари учун берилди.

Ўзбек жамоатчилиги Ажемўғли ва Робинсонни ўзбек тилига ўгирилган “Мамлакатлар таназзули сабаблари” китоби орқали танийди. 2012 йилда нашр этилиб, бестселлерга айланган китобнинг тўлиқ номи – “Нима учун халқлар муваффақиятсизликка учрайди: куч, фаровонлик ва қашшоқликнинг келиб чиқиши”. Бу уларнинг энг машҳур китоби. Саймон Жонсон эса Дарон Ажемўғли билан биргаликда “Куч ва тараққиёт: Технологиялар ва фаровонлик учун минг йиллик кураш” китобини ёзган.

Мамлакатлар ўртасидаги тафовутни камайтириш – энг катта муаммолардан бири

Фото: Getty Images

Нобел қўмитасига кўра, лауреатларнинг тадқиқотлари қонун устуворлиги паст бўлган жамиятларда аҳолини эксплуатация қилувчи институтлар тараққиётга ғов бўлишини кўрсатиб берган.

“Мамлакатлар ўртасида даромадлардаги катта тафовутни камайтириш замонамизнинг энг катта муаммоларидан биридир. Мукофотланганлар ушбу мақсадга эришишда давлат институтларининг муҳимлигини кўрсатиб беришди”, деб ёзади иқтисодиёт бўйича мукофот қўмитаси раиси Якоб Свенссон ўз баёнотида.

Ажемўғли Массачусетс технологиялар университетида макроиқтисодиёт ва сиёсий иқтисод бўйича мутахассис. Жонсон эса ушбу университетнинг Sloan менежмент мактабида глобал иқтисодиёт ва менежмент гуруҳини бошқаради. Робинсон Чикаго университети қошидаги Ҳаррис давлат сиёсати мактабида глобал конфликт тадқиқотлари профессори.

Ню-Йорк университети профессори, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz билан суҳбатда айтишича, бу олимларнинг, айниқса Дарон Ажемўғлининг эртами-кечми Нобел билан тақдирланиши аниқ эди.

“Ажемўғли, Робинсон ва Жонсон – дунёдаги энг самарали ва таъсири кучли иқтисодчилар. Уларга Нобел берилиши вақт масаласи эди. Билсангиз, каналимда ҳам 2019 йилдан бери, Facebook'да 2016 йилдан бери ҳар йили Жеймс Робинсон ва Ажемўғли бу йил ютади деб келаётган эдим. Бутун илм-фан жамияти шуни кутаётган эди. Ажемўғли қайсидир маънода Нобел олмаганининг ўзи мукофотга шубҳа туғдириб қўйиши мумкин эди. Олим ниҳоятда нуфузли эди, шунинг учун бу кутилган бўлди. Ҳеч ким учун ажабланарли янгилик бўлмади”, – дейди Ҳошимов.

Дарон Ажемўғли / Фото: Reuters

Ҳарвард университети профессори, иқтисодчи Ботир Қобиловнинг фикрича, Дарон Ажемўғли келгусида бошқа тадқиқотлари учун яна бир марта Нобел мукофотини олиб, икки марта Нобел олган тарихдаги биринчи иқтисодчига айланиши мумкин.

“Унинг ишлари, ва таъсир этган йўналишлари шунчалик кенгки, барчаси эътирофга сазовор. Масалан, бугунги Нобел мукофоти Дароннинг технология ва меҳнат бозори ҳақидаги тадқиқотларини умуман қамраб олмайди. Шунинг учун кейингисини кутиб қоламиз”, – дея ёзди Қобилов Telegram-каналида.

Нобел билан тақдирланган изланишлар

Мукофотланган олимлар ўз тадқиқотларида европалик мустамлакачилар томонидан босиб олинган ҳудудларда ўрнатилган сиёсий ва иқтисодий тизимларни кўриб чиққан. Уларнинг нуқтайи назарига кўра, мустамлакачилар ўзлари босиб олган ҳудудларга икки хил муносабатда бўлишган ва шунга қараб иқтисодий ва сиёсий тизимларни барпо этишган.

Бу тизимлар (институтлар)ни тушунтиришда олимлар инклюзив ва экстрактив атамаларига мурожаат қилади. Инклюзив институтлар ҳамма учун тенг имкониятлар ва ҳуқуқлар яратишга йўналтирилган, экстрактив институтлар эса иқтисодий ресурслар ва сиёсий қудратни бир неча шахслар ёки гуруҳлар қўлида тўплашга қаратилган.

Иқтисодчиларга кўра, табиий ресурсларга бой, аҳолиси кўп, иқлими эса европаликлар учун ноқулай бўлган ҳудудларда (масалан, Африка ва Жанубий Америкада) мустамлакачилар маҳаллий аҳолини қул қилиб ишлатиб, табиий ресурсларни ташиб кетиш пайида бўлган. Ўз-ўзидан, бу ҳудудларда узоқ муддатли инклюзив институтларни яратиш эмас, фақат иқтисодий фойда олиш мақсадида экстрактив институтлар ўрнатиш устувор аҳамиятга эга бўлган.

Европалик босқинчиларнинг бошқа айрим манзиллари, масалан Шимолий Америка аҳолиси нисбатан кам, иқлими ва шароитлари эса Европа аҳолисига мос эди. Бу жойларда мустамлакачилар ўзларининг келажагини ўйлаб, узоқроқ вақт қолишга қарор қилишган, натижада инклюзив институтлар яратишга ҳаракат қилишган. Инклюзив институтлар эса тенг имкониятлар, қонун устуворлиги ва иқтисодий тараққиётга йўл очиб, бу жойларда барқарорлик ва ривожланиш учун замин яратган.

Демократиянинг қадр-қиймати

Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон

Ҳарвард Кеннеди мактабининг халқаро сиёсий иқтисод профессори Дани Родрикнинг сўзларига кўра, одатда, барча учун тенг мактаб таълими, қонун устуворлиги ва монополияга қарши сиёсат каби инклюзив институтлар ўсиш учун рағбат ва имкониятлар яратади. Қуллик ва крепостнойлик каби экстрактив институтлар эса кенг аҳоли қатламларига зарар етказиб, ҳокимият ва ресурсларни бир неча кишининг қўлида тўплайди.

Родрикнинг тушунтиришича, Нобел мукофоти билан тақдирланган трионинг изланишлари институтлар ва иқтисодий тарихни ўрганишни иқтисодий таҳлилнинг энг марказига олиб келди.

“Улар ҳар хил турдаги институтлар, демократия ва инклюзив институтларнинг қиймати ҳақида жуда муҳим, янгича нуқтаи назарни илгари сурди”, дейди Родрик.

Нобел мукофоти веб-сайтида бу ҳақда шундай дейилган: “Инклюзив институтларни амалга ошириш ҳамма учун узоқ муддатли афзалликлар яратади, аммо экстрактив институтлар ҳокимиятдаги одамларга қисқа муддатли афзаллик беради. Сиёсий тизим уларнинг ҳокимиятда қолишини таъминласа, ҳеч ким уларнинг келажакдаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги ваъдаларига ишонмайди”.

Саймон Жонсон / Фото: Associated Press

Мукофот эълон қилинганидан кўп ўтмай The Washington Post газетасига берган интервюсида Саймон Жонсон ҳайратда ва хурсанд эканини айтди. Профессорнинг сўзларига кўра, ҳамкасблари Ажемўғли ва Робинсон ўзларининг тадқиқотларига ундан кўра бироз бошқача ёндашган. Коммунизм қулагандан кейин Шарқий Европада 10 йил ишлаган Жонсон стандарт иқтисодий таҳлил нима учун кўп нарса ҳақида маълумот бермаганидан ҳафсаласи пир бўлган.

“Қайси мамлакатлар бойиб кетгани ва бунда институтлар қай даражада рол ўйнагани ҳақидаги саволлар мен олий таълимдан кейинги таълимда ўқиган иқтисодиёт фани учун ҳақиқатан ҳам муҳим аҳамиятга эга эмас эди. Биз одамларни институтлар муҳимлигига ишонтириш учун кўп иш қилишимиз керак эди”, – дейди у.

Дарон Ажемўғлининг айтишича, мукофотга сазовор бўлган тадқиқот демократик институтларнинг қадр-қийматини урғулайди.

“Менимча, биз қилган ишимиз демократияга ёрдам беради”, деди у Стокҳолмдаги Нобел қўмитаси ва журналистлар билан телефон орқали суҳбатда.

Аммо у қўшимча қилди: “Демократия – даво эмас. Демократияни амалга ошириш жуда қийин иш. Сайловни жорий қилганингизда бу баъзан низоларни келтириб чиқаради”.

Жеймс Робинсон / Фото: Kun.uz

Жеймс Робинсон Assosiated Press нашрига берган интервюсида Хитой репрессив сиёсий тизимини сақлаб қолган экан, иқтисодий фаровонлигини ҳам сақлаб қолиши мумкинлигига шубҳа билдирди.

“Жаҳон тарихида у ёки бу жамият 40, 50 йил давомида яхши ривожланган кўплаб мисоллар бор, – дейди Робинсон телефон орқали. – Кўряпсизми, бу ҳеч қачон барқарор эмас. [...] Совет иттифоқи 50-60 йил давомида ривожланди. Қўшма Штатларга қаранг. Бу қуллик, имтиёзлар мамлакати эди, у ерда аёлларга иқтисодиётда қатнашиш ёки овоз бериш тақиқланганди. Ҳозирда нисбатан инклюзив ва очиқ бўлган ҳар бир мамлакат бу ўтишни амалга оширган. Замонавий дунёда сиз буни Жанубий Корея, Тайван, Маврикийда кўргансиз”.

Мадина Очилова,
Kun.uz

Мавзуга оид