Жаҳон | 17:49 / 13.10.2024
3955
4 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо сектори шимолидаги ҳарбий ҳаракатларини давом эттирмоқда

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, Исроил қўшини Ғазонинг шимолий қисми бўйлаб илгарилаган ва Ғазо шаҳрининг шимолий чеккаларига етиб келган танклар Шайх Радван кварталини ўққа тутган. Кўплаб оилалар яна ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Фото: Reuters

Reuters хабарига кўра, исроиллик ҳарбийлар амалда анклав шимолидаги Байт-Ханун, Жабалия ва Байт-Лаҳияни Ғазо шаҳридан иҳоталаган, ҳудудлар орасидаги қатновлар тўхтатилган. Фақат Исроилнинг эвакуация бўйича буйруғига бўйсуниб, ушбу шаҳарларни тарк этишга тайёр бўлганларга истисно қилинади.

Исроил Ғазо шимолида кенг кўламли амалиётни қайтадан бошлаганидан тўққиз кун ўтиб, Ғазо ҳукумати матбуот хизмати Исроил зарбаларидан 300 га яқин фаластинлик ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳамас Исроил фуқаролик объектлари ва бошпаналарни аҳолини Ғазони бутунлай тарк этишга мажбур қилиш мақсадида бомбардимон қилаётганини айтади. Исроил эса буни рад этади.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, анклавнинг шимолий ҳудудлари бўйлаб зарбалар оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлган, шунингдек, шифохонага олиб кетиш чоғида ва тиббиёт ходимлари етиб бора олмагани туфайли харобалар остида ҳам кўплаб ярадорлар жон берган.

Ғазонинг 2,3 миллиондан ортиқ аҳолисининг ярмидан ортиғи яшайдиган шимолий қисми Исроилнинг бир йил олдин бошланган юриши натижасида амалда харобага айланганди.

Исроилнинг 42 минг фаластинлик ўлимига олиб келган амалиётининг бир йилидан кейин юз минглаб кишилар шимолга қайтишганди. Бир ҳафта муқаддам Исроил Ҳамас жангчиларини йўқ қилиш учун яна мазкур ҳудудга қўшин юборди, исроилликлар фикрича, фаластинликлар янги ҳужумлар учун қайта гуруҳланган. Ҳамас ўз аъзолари тинч аҳоли вакиллари орасида ҳаракатланаётганини рад этади.

Ғазо шимолидаги эскалация ЦАҲАЛ Ливан жанубида «Ҳизболлоҳ»га қарши бошлаган кенг кўламли ҳаво ва қуруқлик амалиётлари билан бир вақтда юзага келди.

Исроилнинг Ғазодаги амалиётининг асосий йўналиши анклавнинг шимолий қисмига қаратилган бўлса-да, исроиллик ҳарбийлар секторнинг бошқа ҳудудлари бўйлаб ҳам зарбалар бермоқда. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, якшанба куни тонгида исроилликлар зарбаси оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлган, шундан олти нафари Ғазо шаҳридан жанубда, сектор марказий қисмидаги «Бурейж» қочқинлар лагерига йўлланган зарба оқибатида.

Исроиллик ҳарбийлар якшанба куни Ғазо сектори бўйлаб ҳаракатланаётган кучлари сўнгги 24 соат мобайнида 40 га яқин нишонга зарба йўллаб, ўнлаб жангариларни ўлдиргани ҳақида баёнот берган.

«162-дивизия кучлари Жабалия ҳудудида ҳаракатланишда давом этмоқда, сўнгги бир кун давомида ўнлаб террорчилар ўлдирилди ва ҳудудда портловчи қурилмалар, қуроллар, гранаталар ва бошқа уруш олиб бориш воситалари топилди», — дейилган ЦАҲАЛ баёнотида.

Ҳамаснинг қуролланган бўлинмалари, «Ислом жиҳоди» ва бошқа кичик гуруҳлар ўз жангчилари Жабалияда ва атрофдаги ҳудудларда Исроил қўшинларига танкларга қарши ракеталар ҳамда миномёт зарбалари билан ҳужумлар уюштиргани ҳақида хабар қилган.

Фаластинлик мулозимлар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари Ғазода хавфсиз жой қолмаганини айтиб келишади. Улар шунингдек Ғазо шимолида озиқ-овқат, ёнилғи ҳамда дори-дармонларнинг ўткир тақчиллиги бошланиши, бу ерда очлик хавфи мавжудлигидан хавотир билдиришади.

Мавзуга оид