Жаҳон | 19:49 / 15.10.2024
3990
2 дақиқада ўқилади

Қозон аҳолисига БРИКС саммити вақтида шаҳар бўйлаб эски автомобилларда ҳаракатланиш тақиқланди

Қозонда БРИКС саммити 22-24 октябр кунлари бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш учун 38 та давлатга таклифнома юборилган бўлиб, уларнинг иштирокини 32 таси тасдиқлаган.

Қозондаги бир қатор корхоналарнинг ходимларидан БРИКС саммити вақтида ўзларининг эски автомобилларида ҳаракатланмаслик сўралди, деб хабар беради The Moscow Times.

«Иш жойига жамоат транспортида келиш, машиналарни гаражда қолдириш ёки узоқроққа, ҳовлида жойлаштириш тавсия қилинди», — дейди нашр суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, эски ва занглаган автомобиллар БРИКС вақтида шаҳарнинг ташқи кўринишини бузиб кўрсатади.

Қозонда БРИКС саммити 22-24 октябр кунлари бўлиб ўтади. РФ президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, саммитда иштирок этиш учун 38 та давлатга таклифнома юборилган бўлиб, уларнинг 32 таси тасдиқлаган — уларнинг 24 тасининг биринчи раҳбарлари қатнашади. Хитой раиси Си Жинпин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Бразилия президенти Луис Инациу Лула да Силва ҳам саммитда иштирок этишини билдирган.

Бундан ташқари, тадбирда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, ШҲТ бош котиби Чжан Мин, МДҲ, ЕОИИ, Иттифоқ давлатлари бош котиблари ҳам иштирок этади.

БРИКС саммити икки қисмдан иборат бўлади. Биринчи қисм — ташкилотга аъзо давлатлар иштирокида йиғилиш бўлиб, унда «Адолатли глобал ривожланиш ва хавфсизлик учун кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш» мавзуси муҳокама қилинади. Иккинчи қисмда эса «БРИКС ва Глобал Жануб — биргаликда яхшироқ дунёни яратиш» мавзуси асосий мавзуга айланади.

Ушаковнинг сўзларига кўра, БРИКС саммити Россияда шу пайтгача ўтказилган энг йирик ташқи сиёсий тадбирга айланади.

Мавзуга оид