Жаҳон | 22:30 / 24.10.2024
11926
6 дақиқада ўқилади

Геосиёсий хавотирлар муҳокамаси: БРИКС саммитининг бош мавзулари нималар бўлди?

БРИКС аъзолари ва уларга дўст мамлакатларнинг олий делегациялари 22-24 октябр кунлари Қозон шаҳрига йиғилди. Саммитда иқтисодиёт ва молия, геосиёсий хавфлар, Украина ва Яқин Шарқдаги урушлар ҳамда бошқа мавзулар муҳокама қилинди. Kun.uz мухбири жараённи бевосита ёритаётган CGTN шарҳловчиси Ҳуанг Феи билан боғланиб, саммитдаги тадбирлар ҳақида сўради.

Россияда Украина уруши бошлангандан кейинги даврдаги энг катта халқаро тадбир бўлиб ўтди. БРИКС саммити учун Россиянинг Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳри танланган. Ташкилотга аъзо 9 давлатдан фақат Бразилия президенти узоқ масофали учишга соғлиғи дош бермаслиги сабаби билан унда видеоконференцалоқа орқали қатнашди. Бундан ташқари, гуруҳга кирувчи давлатларга дўст мамлакатлардан ҳам делегациялар таклиф қилинган.

Ўзбекистон президенти ҳам амалий ташриф билан Қозонга борган. У БРИКС+ форматидаги саммит ялпи сессиясида қатнашди. БРИКС аъзоларининг ўзи эса 23 октябр куни алоҳида ялпи мажлис ўтказиб, якунда Қозон декларациясини қабул қилди. Ҳужжатга кўра, умумий манфаатлар асосида стратегик шериклик янада ривожланади, ноқонуний санкциялар жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир ўтказаётганидан хавотир билдирилди, глобал жараёнларда кам ривожланаётган мамлакатлар, хусусан Африка давлатлари кенгроқ иштирокка чақирилди, Украина урушини мулоқот орқали тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича воситачилик таклифлари келтирилган, Суданда зўравонлик кучайиши ва гуманитар инқироз авж олаётганидан хавотир билдирилди, БМТнинг халқаро тизимдаги марказий ролини сақлаб қолиш кераклиги айтилди, бирлашма давлатлари ўзаро молиявий операцияларда миллий валютадан фойдаланишга қарор қилди, иқлим ўзгаришига қарши курашда бир томонлама чораларни кўрмаслик таклиф қилинди, Жаҳон савдо ташкилотини ислоҳ қилиш ва шунга ўхшаган бандлар якуний декларациядан ўрин олди.

Украина ва унинг атрофидаги вазият бўйича миллий позициялар ҳам ҳужжатда эслатиб ўтилган. CGTN шарҳловчиси Ҳуанг Феига кўра, давлат раҳбарлари асосан иқтисодиёт ва молия, сиёсат ва хавфсизлик, халқлараро дипломатияга эътибор қаратган.

“Жами 43 варақдан иборат якуний декларацияни тасдиқлашди. Агарда деталлари билан муҳокама қиладиган бўлсак, асосий гаплар геосиёсий вазият ва хавотирлар хусусида. Ундан кейинги ўринда эса иқтисод ва молия мавзулари ўртага ташланди. Чунки БРИКС давлатлари учун ўзаро савдо муҳим йўналиш ҳисобланади. Эътиборни тортадиган муайян мавзулардан яна бири атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бўлди. БРИКС давлатлари раҳбарлари энди ривожланаётган мамлакатларни хавф-хатарлар ва таҳдидлар олдида ёлғизланмаслик учун бирга ҳаракат қилишга чақиришди”, – дейди Ҳуанг Феи.

Украина уруши бошланганида 2 йил вақт ўтиб, Путин БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан кўришган. Путиннинг ўзи ҳам урушни тинчлик билан тугатишга рози, дейди шарҳловчи.

“Саммитнинг энг муҳим ва асосий мавзуларидан бири, шубҳасиз, Украина уруши ва уни тугатиш ҳақида бўлди. Масалан, уруш бошланганидан 2 йил ўтиб Россия президенти Путин БМТ бош котиби билан кўришмоқда. БМТ расмийлари аллақачон Россия ва Украина ўртасида можарони якунлаш бўйича воситачилик ролини бажариши мумкинлигини эълон қилган. Агарда якуний декларацияга ҳам қарайдиган бўлсак, аъзо давлатлар, хусусан Россия ҳам, яъни мен бу ерда президент Путинни назарда тутяпман, Украина урушини тинч йўл ва мулоқот билан тугатишга рози бўлиб турибди. Балки шуни саммитнинг бир ижобий хабари деб аташ мумкиндир”, – дея қўшимча қилади CGTN журналисти.

БРИКС саммитида омма энг кўп эътиборини қаратган яна бир мавзу – иқтисодиёт, яъни янги валюта муомаласи. Владимир Путинга БРИКС давлатлари умумий купюраси варианти тақдим этилган. Россия бунга ҳаракат қилиб келади, давлатлар ўзаро савдода миллий валютадан фойдаланишга келишди, дейди Феи.

“Иқтисодий-молиялий ўзгаришлар ҳақида узоқдан узоқ, кўп муҳокамалар бўляпти. Халқаро молия тизимида алтернатив вариантларни жорий қилиш ҳақида ўзаро фикр алмашишди. БРИКС давлатларининг Марказий банклари ўзаро келишган ҳолда ягона электрон валютани яратиш орқали ҳозирги марказлашган валюта сиёсатини ўзгартириш таклифи айтилди. Биласиз, Россия доим янги тўлов усуллари ва янги валютага ҳаракат қилиб келади. Кечаги декларацияга яна қарасак, аъзо давлатлар ўзаро савдо миллий валютадан фойдаланишни қабул қилган. Санкцияларга ҳам тўхталиб ўтишимиз керак. Чунки БРИКС лидерларининг айтишича, ғарбнинг санкциялари бу давлатлар ўртасидаги савдо ҳажмига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда”, – дея таъкидлайди CGTN журналисти.

Шуни айтиш жоизки, Россия ташкилотга аъзо бўлмаганларни ҳам тадбирга жалб қилиб, ёлғиз эмаслигини Ғарбга кўрсатишга уринди. Ҳозирча 9 давлат Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, ЖАР, 2024 йил 1 январида Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия ҳам тузилма аъзолари ҳисобланади. Гуруҳга Саудия Арабистони ҳам таклиф қилинган, бироқ Саудия бу борада расман қарор қабул қилмаган. Россиянинг бу йилги раислиги гуруҳни АҚШ молиявий қудратига қарши қўйишга уриниш билан ёдда қолмоқда.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид