Спорт | 19:22 / 17.10.2024
16011
2 дақиқада ўқилади

The Guardian ўзбекистонлик 17 ёшли футболчини жаҳоннинг энг умидли топ-60 ўйинчиси рўйхатига киритди

Буюк Британиянинг The Guardian нашри ўз анъанасига биноан, ҳар йил жаҳоннинг энг умидли иқтидорлари ўйинчилари топ-60лигини эълон қилиб бормоқда. Эътиборлиси, бу сафар ушбу рўйхатга ўзбекистонлик футболчи ҳам киритилган.

Фото: UFA

Энг умидли иқтидорлар рейтингидан Ўзбекистон U20 жамоаси ҳамда «Бунёдкор» клуби ҳимоячиси Азизбек Тўлқинбеков ҳам жой олган. 2007 йилда туғилган футболчининг ҳозирги трансфер баҳоси 175 минг евро саналади. У жорий мавсум Суперлигада жами 16 ўйинда майдонга тушиб, 1007 дақиқа ҳаракат қилган.

The Guardian нашрининг вундеркиндлар рўйхатига «Барселона» ҳамда Испания миллий жамоаси аъзоси Ламин Ямал, Пау Кубарси, «Реал»дан Жоан Мартинес, «МЮ»дан Чидо Оби-Мартин ва Жеймс Овери жой олган.

Шунингдек, Франко Мастантуоно («Ривер Плейт»), Энзо Молебе («Лион»), Вигго Гебель («РБ Лейпциг»), Маттиа Либерали («Милан»), Родриго Мора («Порту»), Жонатан Куси-Асаре («Бавария»), Архан Кака («Персис Соло»), Райан Месси («Страсбур»), Жейден де Гузман («ПСВ»), Шейн Клюйверт («Барселона») сингари умидли иқтидорлар ҳам рўйхатга киритилиб, скаутларга тавсия қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бунгача The Guardian нашри 2022 йилда жаҳоннинг энг умидли ўйинчилари топ-60лигига ўзбекистонлик футболчи Жасур Жалолиддиновни киритган эди.

Мавзуга оид