Жаҳон | 20:26 / 19.10.2024
6987
2 дақиқада ўқилади

КХДР Жанубий Кореяга уруш бошлаш билан таҳдид қилди

Пхенян ҳудудидан Жанубий Кореяга тегишли разведка учувчисиз учиш аппарати қолдиқлари топилди. Шимолий Корея келгусида бундай ҳолат уруш эълон қилиниши сифатида баҳоланишидан огоҳлантирди.

Фото: Stefan Krasowski

Пхенян ҳудудидан Жанубий Кореяга тегишли разведка учувчисиз учиш аппарати қолдиқлари топилди, деб хабар беради КХДР Мудофаа вазирлиги. Идоранинг маълум қилишича, дрондан пропаганда варақаларини тарқатишда фойдаланилган бўлиши мумкин. Шимолий Корея келгусида бундай ҳолат уруш эълон қилиниши сифатида баҳоланишидан огоҳлантирди.

Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, учувчисиз учиш аппаратининг қолдиқлари 13 октябрда топилган. КХДР ҳукумати ушбу воқеани мамлакат суверенитетини бузувчи «душманона провокацион ҳаракат» деб атаган. Мазкур ҳолатдан кейин КХДР Мудофаа вазирлиги чегара атрофидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кузатув постларини кучайтиришни буюрган, Бош штаб эса артиллерия бўлинмаларини тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирган.

Пхенян, шунингдек, Сеулни «ҳарбий воситалардан фойдаланган ҳолда қайта босқинчилик» уринишларидан огоҳлантирган. Ҳарбий идора баёнотида қайд этилишича, шу каби ҳолатнинг яна такрорланиши жиддий ҳарбий провокация ва уруш эълон қилиниши сифатида баҳоланади — бунга «зудлик билан жавоб зарбалари» берилади.

15 октябр куни КХДР Жанубий Кореяга олиб борувчи йўлларни портлатиб юборганди, натижада ҳарбий демаркация чизиғидан шимолда жойлашган Кёнги ва Тонҳэ йўллари шикастланган. Жанубий Корея томонида шикастланиш ва жабрланганлар билан боғлиқ ҳолатлар йўқ, аммо жанубий кореялик ҳарбийлар портлашларга жавобан 1950-1953 йиллардаги урушдан кейин тинчлик келишуви имзоламаган ва ҳамон сулҳ ҳолатида бўлган икки мамлакатни ажратиб турувчи демаркация чизиғи томон огоҳлантирувчи ўқ узган.

Мавзуга оид