Жаҳон | 16:32 / 19.10.2024
15975
2 дақиқада ўқилади

«Ҳизбуллоҳ» дронларидан бири Нетаняҳунинг уйини нишонга олди

Ливандан учирилган учувчисиз қурилма Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Кесариядаги шахсий уйини нишонга олган. Бош вазир офиси Нетаняҳу ва унинг оила аъзолари уйда бўлмаганини билдирди. Учувчисиз қурилманинг бундай масофагача учиб келиши Исроил хавфсизлик тизимида “ўта жиддий хатолик” сифатида кўрилмоқда.

Фото: Jack GUEZ / AFP

19 октябрь куни эрта тонгда “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Ливандан учирган 3 та дроннинг 2 таси Исроил армияси томонидан уриб туширилган. 1 та дрон Исроилнинг Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашган Кесария шаҳрига учиб келган. Портлаган учувчисиз қурилма бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг шахсий уйини нишонга олган.

Бош вазир офисининг хабарига кўра, Нетаняҳу ва унинг рафиқаси бу вақтда уйда бўлмаган. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган, резиденцияга қанчалик зарар етгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Маълум қилинишича, Исроилнинг кўплаб миллионерлари ва сиёсатчилар яшайдиган бу ҳудудда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янграмаган. лекин, унинга қўшни районлардан сирена чалинган.

“Ҳизбуллоҳ” хавфни аниқлашни қийинлаштириш ва чалғитиш учун бирданига бир нечта ҳудудларга дрон билан ҳужум қилмоқда.

Al-Jazeera нашрига кўра, дронга қулаган ҳудуд ҳарбийлар томонидан ўраб олинган ва маълумотларни тарқатиш учун жиддий цензура қўлланилмоқда.

Исроил Мудофаа вазирлиги Ливандан учирилган дрон туфайли ўз огоҳлантириш тизимининг бир нечта носозликларни аниқлаган. Шунингдек, воқеа хавфсизлик тизимида “ўта жиддий хатолик” сифатида кўрилиб, тергов жараёнлари бошланган.

Кесариядаги резиденциясига қилинган ҳужумдан сўнг Нетаняҳу ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, уни “ҳеч нарса тўхтата олмаслигини” ва Исроил “бу урушда ғалаба қозонишини” таъкидлаган.

Шунингдек, тармоқларда Исроил ҳарбий вертолёти ёнидан учиб ўтиб кетаётган Ҳизбуллоҳ дрони видеоси тарқалди.

Мавзуга оид