Эрон ўзига ҳужум бўлган тақдирда Исроилдаги нишонларини белгилаб олди
Эрон Исроил ҳужумларига муносиб жавоб қайтара олишини маълум қилди.
Агар Исроил Эронга ҳужум қилса, Эрон қўмондонлиги жавоб тариқасида Исроилдаги ҳужум қилинадиган нишонларни белгилаб олди. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий маълум қилди.
«Эронга қилинган ҳар қандай ҳужум «қизил чизиқни» кесиб ўтиш ҳисобланади, биз буни жавобсиз қолдирмаймиз. Эроннинг ядровий иншоотларига қилинган ҳар қандай ҳужумга ёки шунга ўхшаш ҳар қандай зарбага муносиб жавоб қайтарамиз», деб вазир сўзларидан иқтибос келтирди Press TV.
«Биз энди Исроил томонидан ишғол қилинган ерлардаги барча нишонларимизни аниқладик ва уларга қарши ҳам худди шундай ҳужумни амалга оширамиз», деди Ароқчий.
У АҚШни танқид қилиб, унинг ёрдамисиз Исроил Ғазо сектори ва Ливанда жанг қила олмаслигини айтди. «Агар америкаликлар ҳақиқатдан ҳам сиёсий ирода кўрсатса, улар Исроилни тўхтатиб, ҳужумларга барҳам бериши мумкин эди», деб қўшимча қилди вазир.
«Агар минтақада кенг кўламли уруш бошланса, АҚШ унга жалб қилинади, Эрон буни истамайди», деди Ароқчий.
Унинг сўзларига кўра, можаро Форс кўрфази давлатларини қамраб олиши мумкин, лекин буни дипломатик келишув билан ҳал қилиш учун ҳали ҳам имконият бор.
1 октябр куни Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Исроилга кўп сонли ракеталар билан зарба берди. Исроил ҳарбийлари ҳужумга ўринли пайтда жавоб бўлишини маълум қилди.
Мавзуга оид
20:58 / 24.12.2024
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
19:06 / 22.12.2024