Исроил «Ҳизбуллоҳ» банкларига ҳужум қилмоқда, АҚШ сулҳ музокаралари учун элчи юборди
Душанба куни АҚШ элчиси Амос Хохштейн Байрутда Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида ўт ўчишни тўхтатиш шартлари бўйича ливанлик расмийлар билан музокаралар ўтказди. Бу вақтда Исроил бутун Ливан бўйлаб «„Ҳизбуллоҳ“нинг соядаги банклари»ни нишонга олган.
Хохштейн Ливаннинг вақтинча бош вазири Нажиб Микатий ва парламент спикери Набиҳ Берри билан учрашувлар ўтказишни режалаштирган. Дам олиш кунлари Берри Al-Arabiya телеканалига Хохштейннинг ташрифи — сулҳга эришиш учун «АҚШдаги сайловлардан олдин охирги имконият» эканини айтганди.
Америкалик мулозимлар Исроил сентябр ойи охирида қуруқлик амалиётини бошлаб, «Ҳизбуллоҳ» раҳбариятининг асосий қисмини йўқ қилган Ливанда сулҳга эришишга ҳаракат қилмоқда.
Ўтган ҳафтада исроиллик ҳарбийлар ўтган йил октябрида Исроилга ҳужумни ташкиллаштирган ва Ғазодаги уруш бошланишига сабаб бўлган Ҳамас етакчиси Яҳё Синварни ўлдиришди.
Якшанба куни Axios американлик икки ва исроиллик бир мулозимга таяниб хабар беришича, Исроил Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун дипломатик ечим шартлари кўрсатилган ҳужжатни Қўшма Штатларга топширган.
Нашр маълумотига кўра, Исроил ўз қўшинлари «Ҳизбуллоҳ» қайта қуролланишига йўл қўймаслик учун чегара ҳудудларда «фаол мажбурий ҳаракатлар» ўтказишига рухсат берилишини ҳамда ўз авиацияси Ливан ҳаво кенгликларида эркин ҳаракатланишини истамоқда.
Шу билан бирга, америкалик мулозим Axios билан мулоқотда Ливан ва халқаро ҳамжамият Исроил шартларига рози бўлиши даргумон эканини таъкидлаган.
Дипломатлар ва минтақага ихтисослашган таҳлилчилар Исроил АҚШда январда янги президент лавозимига киришгунига қадар минтақада ортга қайтмас «янги реаллик» яратиш учун президентлик сайловларига қадар «Ҳизбуллоҳ»га максимал даражада зарар етказмоқчи.
Якшанба куни тунда ЦАҲАЛ Байрут, Ливан жануби ва Бекаа водийсидаги нишонларга ҳужум қилди. Бу зарбалар нишони Исроил ва АҚШдагилар фикрича, «Ҳизбуллоҳ» ўз амалиётларини молиялаштириш учун фойдаланадиган «Ал-Кард Ал-Ҳасан ассоциация»си муқобил банк тизими филиаллари бўлган. Унинг бутун Ливан бўйлаб 30 филиали мавжуд бўлиб, шундан 15 таси Байрут марказидаги аҳоли тиғиз яшовчи ҳудудлар ҳамда шаҳар чеккаларида жойлашган.
Сунъий йўлдош радари маълумотларига кўра, Исроилнинг Ливанни бомбалаш бўйича кампанияси икки ҳафта ичида биноларга «Ҳизбуллоҳ» билан олдинги бир йил давомидаги урушдан кўпроқ зарар етказган.
Бу маълумотларга кўра, Ливанда 2024 йилнинг 2-14 октябр кунларида 3600 дан ортиқ бино шикастланган ёки вайрон бўлган, бу Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябридаги ҳужумидан кейин Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги чегара жангларда етказилган жами зарарнинг 54 фоизга яқинини ташкил этади.
Етказилган зарар тўғрисидаги маълумотлар Ню Йорк Шаҳар университети вакили Кори Шер ҳамда Орегон штати университетидан бўлган Жамон ван ден Ҳойк томонидан йиғилган. Улар бинолар баландлиги ёки тузилишидаги тўсатдан рўй берган ўзгаришларни аниқлаш учун сунъий йўлдош суратларини солиштирган, бу эса шикастланиш ҳолатларини кўрсатган.
Pax for Peace ташкилотининг атроф-муҳит бўйича эксперти Вим Цвийненбург сунъий йўлдош маълумотларини ўрганиб, Исроил авиазарбалари оқибатларидан огоҳлантирган.
«Исроил ҳарбий кампанияси, афтидан, аҳолини кўчириш ва „Ҳизбуллоҳ“ ўз позицияларини тиклашини қийинлаштириш учун тинч аҳоли ҳисобига Ливан жанубида „ўлик зона“ ҳосил қилмоқда», — деган у.
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар2023 йил 8 октябрида, ўз иттифоқчиси Ҳамас Исроил жанубига ҳужум қилгани ортидан Исроил шимолини ракеталар билан ўққа тутиш орқали бошланганди.
Қарама-қаршилик Исроил 30 сентябр куни «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол ва инфратузилмаларини йўқ қилиш мақсадида Ливан жанубига бостириб кирганида янги босқичга чиқди, исроиллик ҳарбийлар бу амалиёт «чекланган, локал, мақсадли рейдлар»дан иборат бўлишини айтишганди.
Сунъий йўлдош орқали олинган фотосуратлар, радар тасвирлари ва ҳарбий ёзувлар Исроилнинг Ливандаги зарбалари яқингача асосан жанубий чегара ҳудудига қаратилганини кўрсатади. Кейинроқ бомбалашлар марказий ва шимолий ҳудудлар, жумладан Бекаа водийси ҳамда Байрутнинг жанубий чеккаларига ҳам тарқалди.
Исроил армияси бутун Ливан бўйлаб, жумладан пойтахт Байрутда «Ҳизбуллоҳ»нинг минглаб объектлари бўйлаб зарбалар берганини айтади.
Байрут бўйлаб зарбаларнинг аксари шаҳарнинг жанубий чеккаси, минглаб аҳоли яшовчи Даҳия тумани бўйлаб берилади. Исроиллик ҳарбийлар бу ҳудудда «Ҳизбуллоҳ»нинг қўмондонлик штаби жойлашганини маълум қилган.
Исроил 27 сентябр куни айнан шу ҳудуд бўйлаб давомли зарбалар йўллаши оқибатида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлганди.
Трансчегаравий ҳарбий ҳаракатлар
Американинг Armed Conflict Location and Event Data Project (ACLED) ташкилоти томонидан олинган маълумотлар гувоҳлик беришича, 2024 йил 1 сентябридан 11 октябрига қадар исроиллик ҳарбийлар Ливаннинг турли ҳудудларига камида 2700 бор ҳужум уюштирган. Бу ҳужумлар асосан мамлакатнинг чегара ҳудудларига қаратилган бўлса-да, шимолий ва марказий ҳудудлар ҳам зарбалардан четда қолмаган.
ACLED маълумотига кўра, бу даврда «Ҳизбуллоҳ»нинг ўзи Исроилга 540 га яқин ҳужум амалга оширган. «Ҳизбуллоҳ» ҳужумлари ракета ва дронлар билан зарба беришни ҳам ўз ичига олади.
Исроиллик ҳарбийлар маълум қилишича, Ливандаги ҳаво зарбалари нишони — «Ҳизбуллоҳ» инфратузилмаларидир.
Улар мунтазам равишда амалиётдан мақсад «Ҳизбуллоҳ» ҳужумлари туфайли ўз ҳудудларини тарк этган шимолий ҳудудлар аҳолиси қайтиши учун хавфсизликни таъминлаш эканини таъкидлаб келишади.
«Ҳизбуллоҳ»нинг ҳар кунлик ҳужумлари туфайли Исроил шимолидан 60 минг атрофидаги кишини эвакуация қилишга тўғри келган. Аммо айрим ракеталар мамлакат жанубий қисмига ҳам етиб келган ва соҳилдаги Ҳайфа шаҳридаги уйларни шикастлаган.
ACLED томонидан ойлар давомида йиғилган маълумотларга кўра, чегаранинг Ливан томонида Исроил авиазарбаларининг аксар қисми Тир шаҳри, Бекаа водийси ва Байрутга тўғри келган.
Ливан ҳукумати 1,3 миллионгача одам ўз уйларидан кетишга мажбур бўлганини билдирган, бош вазир Нажиб Микатий эса мамлакат тарихидаги «қочқинларнинг энг катта оқими» ҳақида огоҳлантирган.
ЦАҲАЛ бутун мамлакат бўйлаб, жумладан, Байрутнинг айрим ҳудудларидаги аҳолини мажбурий эвакуация қилиш бўйича кўрсатма берган.
Мамлакат жанубида армия айрим қишлоқлар аҳолисига зудлик билан Исроил чегарасидан тахминан 50 масофада денгизга қуйиладиган Авали дарёсидан шимолдаги ҳудудга кетишга буйруқ берилган.
«Бу гуманитар фалокат», — дейди BBC’га Британия Қизил хоч жамиятининг Байрутдаги Яқин Шарқ бўйича бўлими менежери Габриэл Карлссон.
Унинг сўзларига кўра, бундай кўп миқдордаги қочқинларни жойлаштириш учун бошпаналар етарли эмас.
«Мен кўчаларда ухлаётган болаларни кўрдим», — дея қўшимча қилган Карлссон гуманитар ташкилотларни кучайиб бораётган инқирозни ҳал этиш учун ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга чақириб.
Ливан расмийларига кўра, Исроилнинг ҳужумлари оқибатида шу вақтгача 2350 киши ҳалок бўлган ва 10 000 дан ортиқ киши яраланган. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонларнинг кўпчилиги — тинч аҳоли вакиллари эканини билдирган.
«Урушда кўзда тутилмаган қурбонлар бўлиши муқаррар», — деган BBC билан суҳбатда истеъфодаги генерал-майор, Исроил ҳарбий разведкасининг собиқ раҳбари Амос Ядлин.
Ядлин «Ҳизбуллоҳ»ни уруш бошлашда айблаб, Исроилнинг қуруқлик юриши гуруҳни чегара ҳудудлардан сиқиб чиқаришини айтган.
Аммо Pax for Peace вакили Вим Цвийненбург Исроил ҳарбий кампаниясининг тинч аҳоли ва аҳоли яшаш манзиллари учун жиддий оқибатларидан огоҳлантирган.
«Кучли портлашлар яқин атрофдаги одамларни ўлдиради ва майиб қилади», — деган у Исроил авиазарбалари ҳақида.
«Очиқ манбалардаги маълумотлар сунъий йўлдош тасвирлари билан биргаликда ирригация каналлари, газ станциялари ва электр тармоқлари каби фуқаролик инфратузилмалари ҳам шикастланганини кўрсатмоқда, бу эса гуманитар вазиятни ёмонлаштиради», — дея қўшимча қилган у.
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024