«Барса» қасос олди, Ҳоланддан космик гол. ЕЧЛда кун ўйинлари
«Ливерпул» рекордларни янгиламоқда, «Лилл» — испан грандлари учун даҳшатли тушга айланди. ЕЧЛда 3-тур учрашувлари якунланганидан кейин умумий жадвалдаги кучли учлик фақат инглиз жамоаларидан иборат.
Ҳақиқий «Барса» қайтди
Барселона — Бавария 4:1
Голлар: Рафиня (1, 45, 56), Левандовски (36) — Кейн (18).
Барселона – Пеня, Балде, Мартинес, Кубарси, Кунде, Педри, Касадо, Лопес (де Йонг, 61), Рафиня (Олмо, 76), Ямал, Левандовски.
Бавария – Нойер, Дэвис, Ким Мин Чжэ, Упамекано, Геррейру, Киммих, Палиня (Горетцка, 60), Олисе (Сане, 60), Гнабри (Коман, 60), Мюллер (Мусиала, 60), Кейн.
Огоҳлантириш: Киммих (27).
Сўнгги олти ўзаро ўйинда мюнхенликларга жами 4:22 ҳисобида ютқазган каталонияликлар биринчи реваншни олишди. Ҳанс-Дитер Флик жамоаси турнирда иккинчи ғалабага эришди, немислар қаторасига иккинчи бор ютқазди.
«Барселона» ва «Бавария» футболчилари илк дақиқаларданоқ бир-бирига ташланди. Рақибларнинг мудофаа чизиғи анча олдинда жойлашганди, майдон марказидаги зичлик шу қадар эдики, бундай жойлашувда ҳимоячилар ортига тўп ошириш билан голли вазият яратиш қийин кечмасди. Каталонияликлар ҳам, немислар ҳам рақибнинг таваккалчиликка асосланган тактикасидан фойдаланишга уринди. «Барселона» эса биринчи уринишдаёқ бунга эришди. Мезбонлар Левандовски мураккаб вазиятда тўпга эга чиқиши ва Фермин ностандарт ҳаракат билан тўпни Рафиняга етказиши орқали «Бавария» прессингини енгиб ўтди. «Барса»нинг бразилиялик сардори Киммиҳ орқароқда қолиб кетгани туфайли офсайдга тушмади ва бирга-бир вазиятда Нойерни алдаб ўтиб, дарвозани ишғол қилди.
Аммо воқеаларнинг кейинги ривожи каталонияликлар режаси бўйича кечмади. Тезкор гол ўтказиб юборган «Бавария» тўп ва ҳудудлар устидан назоратни қўлга олди ва мезбонларни жарима майдонига қамай бошлади. Кўк-анорранглилар кейинги 29 дақиқа давомида майдоннинг иккинчи қисмига жуда кам ўтишди — баварияликлар кучли прессинг уюштирди. Шу билан бирга, Флик жамоаси мудофаа чизиғини ортга қайтармади ва рақибни офсайд қопқонига туширишга уринди. Кейннинг 10-дақиқадаги голи бекор қилиниши мураббийнинг режаси иш берганини кўрсатди, бу вазиятда бир неча сантиметр «Барса»ни жавоб голидан қутқариб қолди.
Лекин кўп ўтмай Ҳарри барибир ўз мақсадига эришди — тўп тезлик билан жарима майдонига етказиб берилганида Кунде тўса олмади, Мартинес Кейнга халал бера олмади.
Шундан кейин мезбонлардан яна олдинга ўтиш талаб қилинди. Каталонлар аста-секинлик билан ўйинни ҳис қила бошлашди — Педри кўпроқ тўп билан муомила қилди, Ямал финтлари билан ўзини эслатди. Айнан Ламин яна бир голли ҳужумни бошлаб берди — Ким Мин Жэ тўпга ета олмади, Фермин уни Нойернинг ёнидан ўтказди, Левандовски эса уни бўш қолган дарвозага киритиб юбориши қолганди.
Бўлим охирида вазият тенглашди — рақиблар ҳимоячилар анча олдинда жойлашганидан келиб чиқиб, узун узатмалар билан ўйнашга ҳаракат қилди. Бу яна «Барса»да ўхшади — Касадо майдоннинг иккинчи қисмида туриб Рафиня тезлик олганида ажойиб пас берди, сардор марказга кўчди ва тўпни олис бурчакка жойлаштирди. Дастлабки 45 дақиқалик якунида таблода 3:1 ҳисоби пайдо бўлди — «Барса» тўлиқ устунлик қилмаган бўлса-да, ўзида юзага келган барча вазиятлардан фойдаланди.
Танаффусдан кейин мезбонлар кутилганидек ҳимояни орқароққа кўчирди ва «Бавария»ни кенгликдан маҳрум қилди. Мюнхенликлар ўйиннинг кўп қисмида тўпга эгалик қилишда давом этди, аммо энди кескинлик йўқолганди. «Барса» эса тезкор қарши ҳужумлар эвазига жазолашда давом этди.
Ямал Рафиняни яна бир бор олдинга ташлади ва бразилиялик яна бир бор юқори савиясини намойиш этди — дарвозабонга яқинлашмасдан зарба бериб, тўпни Нойернинг қўллари остидан ўтказди ва ўйиндан олдинги сўзлари учун жавоб берди, у интервюда ушбу рақибга қарши олдинги натижалар «Барселона»га ярашмаслиги ва буни ўзгартириш вақти келганини айтганди.
Компани оқ байроқ кўтармади ва тўртталик алмаштириш билан реакция кўрсатиб, майдонга Сане, Мусиала, Горецка ва Команни туширди, аммо унинг футболчилари аллақачон тақдирга тан бериб бўлганди — ҳужум қилишга бўлган уринишлар хавфли вазиятгача етиб бормади. Кўк-анорранглилар эса тўпни эгаллаб, мухлисларнинг ҳайқириқлари остида бир-бирига узатиб юриш билан вақт ўтказди. Левандовскида яна бир гол уриш имконияти бўлди, аммо Ямалнинг ажойиб узатмасидан кейин бўш дарвозани ишғол этолмади. «Барса» ўйинга мос бўлмаса-да йирик ҳисобни сақлаб қолди (зарбалар статистикаси – 12:11, дарвозага тўғри борган зарбалар бўйича – 4:3) ва мухлислари учун ўч олиб беришди. 4:1 — ҳозирги «Барселона»нинг кучини ва ҳеч қандай рақибдан қўрқмаслигини кўрсатади.
Слотнинг рақамлари
Лейпциг — Ливерпул 0:1
Гол: Нунес (27).
Лейпциг – Гулачи, Ҳенрикс, Лукеба, Орбан, Гертрюйда (Битшиабу, 74), Симонс (Поулсен, 78), Айдара (Элмаз, 86), Вермерен (Кампл, 74), Нуса, Опенда, Шешко (Баумгартнер, 74).
Ливерпул – Келлеҳер, Цимикас (Робертсон, 75), ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд (Гомес, 75), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Собослаи, Гакпо, Нунес (Жонс, 74), Салоҳ (Диас, 63).
Огоҳлантиришлар: Лукеба (8), Мак Аллистер (12), Гертрюйда (23).
Куннинг мақоми бўйича иккинчи ўриндаги ўйинин «Лейпциг» фаолроқ бошлади, аммо Шешко жарима майдони ташқарисида бош билан ўйнаган Келлеҳерни жазолай олмади, Опенданинг чиройли голи эса офсайд туфайли бекор қилинди. Бир неча дақиқа ўтиб эса Цимикас ҳужумга ўтишидан кейин Нунес урган гол эвазига «Ливерпул» ҳисобда олдинга чиқиб олди, бу вазиятда у Салоҳнинг қарама-қарши томондаги устун олдига ташлаб берган тўпни (бу зарба бўлган бўлиши ҳам мумкин) дарвозага киритиб юборди.
Кейин эса дарвозабонлар катта саҳнага чиқишди. Гулачи ўйинда интригани сақлаб қолди, яна бир вазиятда — Мак Аллистер ҳужум қилганида — венгриялик посбонга тўсин ёрдамга келди. Ўз навбатида, Келлеҳер ҳам ўз ишини яхши бажарди, икки дақиқа ичида аввалига Шешкони тўхтатди, кейин Симонснинг хавфли зарбасини бартараф этди. Бу Арне Слот яна бир бор клуб рекордлари китобига номини ёздириб қўйиши учун етарли бўлди. Қизиллар нидерландиялик мутахассис бошқарувидаги дастлабки олти сафар учрашувида ғалабага эришди, умуман, у тайинланганидан кейин ўтказилган 12 та расмий ўйиндан 11 тасида ғалаба қозонди.
Гвардиола Фергюсоннинг натижасини яхшилади
Манчестер Сити — Спарта 5:0
Голлар: Фоден (3), Ҳоланд (58, 68), Стоунз (64), Нунеш (88, пеналти).
Манчестер Сити – Ортега, Аке (Гвардиол, 74), Аканжи, Стоунз (Диаш, 74), Льюис, Гундўған (Ковачич, 69), Нунеш, Силва (Макати, 69), Фоден, Савио, Ҳоланд (О`Райли, 81).
Спарта – Виндал-Йенсен, Соренсен, Панак, Витик, Ринеш (Визнер, 88), Лячи, Кайринен (Солбаккен, 88), Пресиадо, Гараслин (Красники, 46), Бирманчевич (Данек, 74), Олатунжи (Раҳмани, 60).
Огоҳлантиришлар: Стоунз (7), Пресиадо (87).
Хосеп Гвардиола бу мавсумда кадрлар муаммосига учрамоқда, у ўйин арафасида Грилиш ва Доку ҳам сафдан чиққанини маълум қилди. Шу билан биргаликда, де Брюйне машғулотларга қайтган, аммо ҳозирча уни эҳтиётлашади. «Спарта» билан ўйинда эса мураббийлар штабида мавжуд бўлган ресурслар ҳам етарли эди, лекин бундай «чекланган» танловга дунёдаги исталган жамоа мураббийи ҳавас қилиши мумкин. Ўйин стартидаёқ ҳисобни очган Фоден ҳозирда тетик ва оптимал формага кириб бормоқда, у мавсум стартини ўтказиб юборганди. Чоршанба оқшомида Фил Чемпионлар лигасида урилган голлар сони бўйича (17) де Брюйне ва Маҳрезни ортда қолдирди. Стоунс яна гол уриб, Гвардиоланинг мақтовлари бежиз эмаслигини кўрсатди.
Ҳоланд эса бу Ҳоланд. Норвегияликнинг бу ўйиндаги илк голига таъриф бериш қийин. Лекин бу Эрлинг олдин ҳам йўллаган, унинг ўзига хос зарбаси. Дарвозага орқача туриб сакраган ҳужумчи товони билан берган зарбаси орқали Ибраҳимовични ҳам эслатиб юборди, унинг иккинчи голи эса бунинг фонида жуда оддий чиқди. Скандинавиялик бу оқшом ҳет-трикка эришиши ҳам мумкин эди, аммо у эртароқ алмаштирилди ва ўйин охиридаги пеналти Матеус Нунесга насиб этди. Чехлар йирик ҳисобда тор-мор этилганидан кейин «Сити»нинг турнирдаги мағлубиятсиз серияси клуб учун рекорд даражадаги 26 ўйинга етди (+18=8). Шу тариқа, Гвардиола «МЮ»нинг Алекс Фергюсон давридаги натижасини яхшилади. Қолаверса, «шаҳарликлар» турнир доирасидаги уй учрашувларидаги мағлубиятсиз сериясини 33 ўйинга етказган (+29=4) — жамоа охирги бор 2018 йил сентябрида «Лион»га ютқазиб қўйганди.
Индзагининг олтин захираси
Янг Бойз — Интер 0:1
Гол: Тюрам (90+3).
Аниқ амалга оширилмаган пеналти: Арнаутович (48).
Янг Бойз – фон Баллмос, Ҳажам, Бенито, Блум, Лаупер, Угринич, Лакоми (Элиа, 77), Имери (Малес, 59), Монтейру, Виржиниюс (Колли, 59), Ганвула (Иттен, 86).
Интер – Зоммер, Биссек, де Врей, Павар (Бастони, 77), Аугусто (Димарко, 54), Думфрис, Мхитарян (Зелински, 61), Барелла, Фраттези, Арнаутович (Мартинес, 61), Торимий (Тюрам, 76).
Огоҳлантиришлар: Ҳажам (33), Монтейру (35), Думфрис (36), Имери (36), Малес (81), Димарко (88).
Симоне Индзаги ўйин арафасидаги матбуот анжуманида Чемпионлар лигасида осон ўйинлар бўлмаслиги ҳақида гапирганди. Аммо мураббийнинг ўзи вазифани қийинлаштириб юборди. Меҳмонларнинг қатор етакчилари захирада қолдирилди, уларнинг ўрнига тушган футболчилар эса натижага келтира олмади. Хусусан, Торимийнинг товони билан берган пасидан кейин Биссек яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Дюмфрис жарима майдони ичида йиқитилганидан кейин Арнаутович пеналтидан фойдалана олмади, мезбонлар посбони фон Баллмос қайтган тўпга берилган иккинчи зарбага ҳам улгурди.
«Нерадзуррилар» тарози палласини ўз томонига оғдириш учун Лаутаро Мартинес бошчилигидаги захира кучларни майдонга ташлашига тўғри келди. Лекин бу вақтга келиб «Интер» ҳисобда ортда қолаётган бўлиши ҳам мумкин эди, аммо Монтейрунинг зарбасидан кейин устун меҳмонлар жонига ора кирди. Ҳал қилувчи вазият эса арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда юзага келди, жокерлар ғалаба голини ташкиллаштиришди — Димарко тўпни жарима майдонига узатиб берди ва унга Тюрам барчадан олдин улгурди. Миланликлар ғалаба қозониш орқали клуб рекордини ўрнатди, бунгача Италия чемпионлари бирор марта ЕЧЛни қаторасига уч ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган ҳолда бошламаганди.
Енгилмас «Брест»
Брест — Байер 1:1
Голлар: Ле-Мелу (39) — Виртц (24).
Брест – Бизот, Айдара, Кулибали, Шардонне, Лала, Манетти (Фернандеш, 83), Ле-Мелу, Камара (Думбия, 83), Дел Кастийо (Февр, 73), Сима (Балде, 66), Ажорк (Сала, 72).
Байер – Коварж, Грималдо, Инкапиэ, Та, Мукиеле (Тапсоба, 73), Гарсия, Паласиос (Жака, 63), Виртц, Ҳофманн, Телла (Фримпонг, 63), Шик (Адли, 63).
Огоҳлантиришлар: Фримпонг (72), Виртц (74), Сала (84), Та (90+2), Ле-Мелу (90+5).
«Брест» дастлабки турларда кашфиёт жамоага айланганди, аммо барибир турнир дебютантининг рақиблари асосий аутсайдерлар — «Штурм» ва «Залсбург» бўлганди. Шундай экан, «Байер»га қарши ўйин Эрик Руа шогирдлари учун илк жиддий синов эди. Леверкузенликлар мезбонларнинг биринчи бўлимдаги илк хатосидан фойдаланиб, Вирц ҳисобни очганида, кўпчилик барчаси ўз жойига тушгани ҳақида ўйлай бошлаганди. Аммо «Брест» ўзига ишончсизлик билдирганларга ишончли жавоб қайтарди ва Хаби Алонсо аралаш таркиб туширганини инобатга олсак ҳам, муносиб ўйин кўрсатди. Ли-Мелу биринчи бўлимдаёқ ҳаводаги тўпга чиройли зарба бериб, ҳисобни тенглаштирди. «Брест»нинг асосий етакчиларидан бўлган ушбу футболчи февралда оғир жароҳат олиб сафдан чиққанди. «Байер» билан ўйин эса Ли-Мелу учун шундан кейин илк бор бошланғич таркибда тушиши бўлди ва у премерани ажойиб ўтказди. «Брест» — французларнинг 1998 йилдан буён ЕЧЛдаги дебютида қаторасига уч ўйинда ютқазмаган илк вакилига айланди.
Женезионинг коллекцияси
Атлетико — Лилл 1:3
Голлар: Алварес (8) — Жегрова (61), Дэвид (74 пеналти, 89).
Атлетико – Облак, Галан (Рейнилду, 77), Хименес, Витцел, Молина (Симеоне, 77), Галлаҳер (Лино, 77), Коке, Де Паул, Алварес, Сёрлот (Корреа, 65), Гризманн.
Лилл – Шевале, Алессандро, Манди, Туре (Диаките, 46), Пардо (Саҳрауи, 87), Кабелла (Жегрова, 16), Гудмундссон, Менье, Андре, Мукау (Гомес, 87), Байо (Дэвид, 65).
Огоҳлантиришлар: Галан (17), Туре (44), Мене (78), Хименес (78).
«Атлетико»нинг биринчи бўлим якунига кўра минимал устунлигини намунали прессинг таъминлади, ёш Туре тўпни олдириб қўйганидан кейин ҳисобни очган Алварес вазиятдан фойдаланиш борасида Серлотга дарс ўтди. Унинг норвегиялик амплуадоши 45 дақиқа давомида вазиятларни йўққа чиқариш бўйича ҳет-трик қайд этди. У аввалига жарима майдонида туриб тўпни орқа томонга тепишни уддалади, кейин яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, Гризманнинг кросс узатмасидан кейин эса бир неча метрдан туриб йўллаган зарбаси тўсин юқорисидан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлимда эса «Лилл»нинг захирадан тушган футболчилари барчасини ўзгартиришди. Аввалига Жегрова турнинг энг чиройли голларидан бири бўлди, у 16-дақиқада жароҳат олган Кабеллани алмаштирганди. Ҳал қилувчи сўзни эса Дэвид айтди, у дубл қайд этиб, йил бошидан буён урган голлари сонини 28 тага етказди ва сермаҳсуллик борасида ўзининг энг яхши натижасини яхшилади.
Шу тариқа, «Лилл» «Реал» ортидан «Атлетико»ни ҳам нокаутга учратиб, французларнинг «матрасчилар»ни сафарда мағлуб этган илк вакили бўлди. Бруно Женезио эса таниқли мутахассисларни мағлуб этиш бўйича коллекция қилмоқда. Ушбу мутахассис еврокубокларда Хосеп Гвардиола, Жозе Моуринио, Карло Анчелотти (учаласини «Лион» бошқарувида) ва Диего Симеоне каби рақибларни таслим этган. Бунгача бундай рўйхат билан фақат Юрген Клопп мақтана оларди.
Шмейхелнинг куни
Аталанта — Селтик 0:0
Аталанта – Карнезекки, Колашинац (Ружери, 78), Ҳин, Жимсити, Пашалич (Заниоло, 78), Белланова (Самаржич, 58), Заппакоста, Эдерсон, де Рон, Лукман (Куадрадо, 69), Ретеги (де Кетеларе, 59).
Селтик – Шмейхел, Вале, Скейлз, Трасти, Жонстон, Ҳатате (Паулу Бернарду, 68), Макгрегор, Энгелс (Маккоуэн, 75), Маэда (Палма, 74), Ида (Фуруҳаси, 68), Кюн (Форрест, 81).
Огоҳлантириш: Жонстон (8).
Бергамодаги дурангни тўлақонли сенсация дейиш мумкин. «Аталанта» мухлислари ҳафсаласини пир қилди, чунки бергамоликлар яққол устунликдан фойдалана олишмади. Ўйин якунигача мезбонлар рақиб жарима майдони ичида 54 марта тўп билан муомила қилди, турнирнинг сўнгги тўққиз мавсумида иккинчи бор бундай кўрсаткич билан гол урилмади. Хусусан, жамоа яримҳимоячиси Пашалич ўйин давомида камида беш бор голли вазиятни йўққа чиқарди. Ретеги ва Лукманда ҳам яққол голли вазиятлар юзага келди, аммо шу куни Шмейхел бенуқсон ҳаракат қилди. У — «Селтик»нинг ЕЧЛда олти сейв ижро этиб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган илк дарвозабони бўлди. Статистикага кўра, даниялик қайтарган зарбалар xG бўйича — 1,25 ни ташкил этган.
Бенфика — Фейеноорд 1:3
Голлар: Актуркўғли (66) — Уэда (12), Миламбо (33, 90+2).
Бенфика – Трубин, Фернандес, Отаменди, Араужу, Ба (Шелдеруп, 88), Кўкчу (Саншеш, 72), Флорентину (Амдуни, 65), Эурснес, Ди Мария (Бесте, 65), Актуркўғли, Павлидис (Артур, 72).
Фейеноорд – Велленройтер, Буэно (Смал, 88), Ганцко, Траунер, Лотомба (Ҳаж-Муса, 75), Тимбер, Ҳван Ин Бом, Миламбо, Пайшао, Уэда (Карранса, 75), Осман (Белен, 60).
Огоҳлантиришлар: Тимбер (39), Амдунм (90+1), Санчес (90+2).
«Бенфика»га қайтган Бруну Лаже фаолиятини қаторасига олти ғалаба билан бошлади, аммо серия «Фейеноорд» билан ўйинда тўхтади, меҳмонлар ўйин борасида «бургутлар»дан яққол устунлик қилди ва саккизинчи уринишда Португалиядаги еврокубок баҳсида ғалабага эришди. Қолаверса, роттердамликларнинг икки голи бекор қилинди. Меҳмонлар сафида япониялик Уэда голли сериясини давом эттирди, 19 ёшу 203 кунлик бўлган Миламбо эса Патрик Клюйверт давридан буён ЕЧЛнинг қаторасига икки турида гол урган энг ёш нидерландияликка айланди.
Залцбург — Динамо Загреб 0:2
Голлар: Куленович (49), Петкович (84).
Залцбург – Шлагер, Терзич (Гиндо, 82), Байду, Пионтковски, Дедич, Кергор, Диамбу (Байчетич, 58), Бидструп (Капалдо, 58), Глух (Бласвих, 69), Конате, Дагим (Доржелес, 58).
Динамо З – Невистич, Торренте, Берно, Теофил-Катрин, Батурина (Качавенда, 88), Огивара (Пер-Габриэл, 78), Адеми (Рог, 59), Мишич, Сучич (Стойкович, 88), Ристовски, Куленович (Петкович, 78).
Огоҳлантиришлар: Бидструп (18), Дедич (31), Пионтковски (73), Лейндерс (82), Рог (90).
Четлатиш: Шлагер (66).
«Залсбург»нинг қулаши давом этмоқда, «Бавария»га 2:9 ҳисобида мағлуб бўлингани ортидан Ненад Белица бош мураббийликка тайинланганидан буён «Динамо» ютқазмаяпти. Жамоа ҳужум чизиғида ёш Куленович асосий скрипкачи вазифасини бажармоқда. У иккинчи бўлиб бошида ҳисобни очди ва кейинроқ мезбонлар дарвозабони Шлагер майдондан четлатилишига сабабчи бўлди.
Кун статистикаси
- «Лилл» дарвозабони Шевале бу мавсумда топ-5 лигаларда ўн бешта расмий ўйинда майдонга тушган 1-футболчи бўлди.
- «Байер»нинг Вирц гол урган ўйинлардаги ғалабали серияси 10 ўйиндан иборат бўлди.
- Ҳоланд «Манчестер Сити» сафида ЕЧЛдаги 23 ўйинда 20 гол урди. Бу рақамга бундан тезроқ — 21 ўйинда — фақат «МЮ»нинг собиқ ҳужумчиси Руд ван Нистелрой эришган.
- 24 ёш-у 185 кунлик — «Барселона»нинг ЕЧЛда 2011 йилдан буён энг паст ўртача ёши.
- «Бавария» ЕЧЛдаги иштироки тарихидаги энг тезкор голни ўтказиб юбориши учун «Барселона» форварди Рафиняга 57 сония етарли бўлди.
- «Бавария» форварди Ҳарри Кейн еврокубокларда урган голлари сонини 58 тага етазди. Чоршанба куни у Эйсебио ва Ибраҳимовични ортда қолдириб, турнир тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 15-ўринга чиқди.
- Германиялик яримҳимоячи Илкай Гундўған «Манчестер Сити» сафида асосий еврокубокдаги 100-ўйинини ўтказди.
Турнир жадвалидаги вазият:
Мавзуга оид
12:33
Ҳусановнинг «ўғирланган» голи ва Лондонда теннисча ҳисоб. Кун ўйинлари
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:24 / 16.12.2024