Ўзбекистон | 14:25 / 29.10.2024
5393
2 дақиқада ўқилади

Давр банк жаримага тортилди – Рақобат қўмитаси

Рақобат қўмитаси Давр банкни номақбул рекламага йўл қўйган деб топиб, жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилди. Банк ахборотда кредитнинг қўшимча шартлари ва муҳим маълумотларини очиб бермаган.

Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида, Давр банк АТБ томонидан эълон қилинган ташқи рекламаларда «Davr mobile» иловасида 50 000 000 сўмгача онлайн микрокредит» мазмунидаги реклама ахбороти берилгани кузатилган.

Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, микроқарз исталган мақсадларда фойдаланиш учун ажратилиши, «Davr mobile» иловаси орқали расмийлаштирилиши, қарз олувчи камида охирги 6 ой давомида доимий иш жойига ҳамда ойлик даромадга эга бўлган бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Шунингдек, микроқарз муддати – 60 ойгача, фоиз ставкаси – 43 фоиз, қарз миқдори – 50 млн сўм этиб белгилангани аниқланган.

Микроқарз бўйича қўшимча шартлар ва муҳим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.

Шунингдек, Тошкент шахрининг бир қатор кўчаларида жойлашган LED мониторли реклама объектларида «Тадбиркорлар учун 5 миллиард сўмгача кредит, 24 фоиздан» мазмунидаги рекламалар жойлаштирилган.

Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, кредит:

  • асосий воситаларни сотиб олиш учун;
  • муддати – 60 ойгача;
  • фоиз ставкаси – 32,99 фоиз;
  • миқдори – 5 миллиард сўмлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган.

Кредит бўйича қўшимча шартлар ва муҳим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.

Юқоридагиларга кўра, қўмита Махсус комиссияси томонидан «Реклама тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилиш аломатлари юзасидан Давр Банк АТБга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган.

Мавзуга оид