«Ҳизбуллоҳ»нинг янги раҳбари маълум бўлди
Наим Қосим Ҳасан Насруллоҳнинг ўринбосари эди.
«Ҳизбуллоҳ» гуруҳи 71 ёшли Наим Қосимни ўзининг янги раҳбари сифатида эълон қилган. У Исроил авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган Ҳасан Насруллоҳнинг ўринбосари бўлган ва ливанликлар гуруҳидаги нуфузли арбоблардан бири саналади.
Гуруҳнинг агентлик томонидан иқтибос келтирилган баёнотида шўро кенгаши («Ҳизбуллоҳ»нинг асосий бошқарув органи) шайх Наим Қосим янги бош котиб этиб сайлангани маълум қилинган. Гуруҳ вакиллари «ғалабага эришилмагунича» марҳум Ҳасан Насруллоҳнинг ишини давом эттиришга онт ичишган.
Насруллоҳнинг ўлимидан кейин Қосим уч марта телемурожаат қилиб чиқди, хусусан, 8 октябр куни у «Ҳизбуллоҳ» Исроил билан урушда ўт очилиши тўхтатилишига қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини айтганди.
Қосим бу лавозимга тайинлангани тўғрисидаги хабарга жавобан Исроил ҳукумати уни ҳам Насруллоҳ ва унинг вориси Ҳошим Сафиуддиннинг қисмати (у ҳам Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди) кутаётган бўлиши мумкинлигига ишора қилган.
«Унинг бу лавозимдаги муддати, агар у ўтмишдошлари Ҳасан Насруллоҳ ва Ҳошим Сафиуддин каби ҳаракат қилса, ушбу террорчилик ташкилоти тарихидаги энг қисқа муддат бўлиши мумкин, — дейилган Исроил ҳукуматининг Х (собиқ твиттер) ижтимоий тармоғидаги араб тилида юритиладиган расмий саҳифасида. — Ливан учун ушбу ташкилотни ҳарбий куч сифатида тарқатиб юборишдан ўзга ечим йўқ».
Қосим ҳақида нималар маълум?
BBC нинг Яқин Шарқдаги мухбири Ҳюго Бачеганинг маълум қилишича, Қосим 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида «Ҳизбуллоҳ» раҳбари ўринбосари бўлиб келган ва унинг энг таниқли юзларидан бири саналади.
Қосим Байрутда туғилган ва 1982 йилда «Ҳизбуллоҳ» асосчиларидан бири бўлган.
У 1991 йилда, ташкилотга Аббос ал-Мусавий раҳбарлигида (у бир йил ўтиб исроилликлар вертолётидан берилган зарба қурбони бўлганди) бош котиб ўринбосари лавозимини эгаллаган.
Қосим «Ҳизбуллоҳ»нинг омма кўз ўнгидаги асосий расмийларидан бўлган ва хорижлик журналистларга тез-тез интервю беради.
2006 йилда, «Ҳизбуллоҳ» Исроил билан кенг кўламли уруш бошлаганидан кейин, Насруллоҳ амалда жамоатчилик қаршисида чиқишни тўхтатади ва шундан буён айнан Қосим гуруҳ номидан асосий баёнотларни бера бошлайди.
Аммо, журналистлар ёзишича, Қосим Насруллоҳдаги каби харизма ва нотиқлик қобилиятига эга бўлмаган.
Ташкилотга 1992 йилдан буён раҳбарлик қилган Ҳасан Насруллоҳ 27 сентябр куни Исроил ҳарбийлари «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрутдаги ерости базасига йўллаган зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Унинг ўлимидан кейин, октябр ойи ўрталарида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу исроиллик ҳарбийлар Насруллоҳни, унинг ворисини, ворисининг ворисини ҳам ўлдирганини айтганди. Исроил мудофаа армияси кейинроқ Ҳасан Насруллоҳнинг фақат бир вориси — амакиваччаси Ҳошим Сафиуддин ўлдирилганини хабар қилди. Вориснинг вориси ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳамас 2023 йил октябрида Исроил ҳудудига ҳужум қилиши ва бунинг ортидан Исроил армияси Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлагач, Насруллоҳ Исроилга уруш очганди ва исроиллик ҳарбийлар Ғазони тарк этмагунича ўт очишда давом этишга буйруқ берганди.
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024