Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
Шунингдек, «Янги Навоий» шаҳарчаси қурилиш майдонида бўлиб, кексалар ва зиёлилар билан суҳбатлашди. Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактабида бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан учрашди.
Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи давомида 12 та янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Қайд қилинишича, лойиҳаларга АҚШ, Франция, Германия, Австрия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Хитой, Япония, Корея, Туркия каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Бу ташаббуслар кимё, энергетика, тоғ-кон, электротехника, тиббиёт, қурилиш индустрияси, текстил ва тўқимачилик каби тармоқларни қамраб олган.
Масалан, Хитой билан ҳамкорликда Кармана туманида йилига 2 миллиард 500 миллион сўмлик юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлайдиган лойиҳалар амалга оширилади. Кимё ҳамда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат паркини ташкил этиш, шамол генераторлари учун парраклар ишлаб чиқариш корхонаси шулар сирасига киради.
Шу туманда Россия билан яна бир инвестицион ташаббус – озиқ-овқат саноати учун алюмин қадоқлар ясаш йўлга қўйилади. Туркия билан ҳамкорликда Конимех туманида йилига 370 минг тонна фосфорит қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда фосфор кислотаси ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ташкил этилади. Австрия билан эса Навоий шаҳрида йилига 170 минг тонна цианит натрий тузлари ва каустик сода олиш лойиҳаси режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар 17 мингдан ортиқ аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, давлат раҳбари «Янги Навоий» шаҳарчаси қурилиш майдонида бўлиб, кексалар ва зиёлилар билан суҳбатлашди.
«Бугун бу ерга Навоий вилоятидаги 8 та туман, 3 та шаҳарнинг эртанги куни қандай бўлади, деган саволга жавоб топиш учун келдик. Аслида, битта рўзғорни тебратишнинг ўзи бўлмайди. Худога шукур, аҳолимиз 38 миллионга яқинлашаяпти. Бунинг учун халқимизга муносиб мустаҳкам замин яратиб боришимиз керак. Бундай янги шаҳарчаларни нима учун қураяпмиз? Ёшларимиз ўсиб келаяпти. Улар ўзи туғилиб ўсган жойида ишлаб, яхши яшаши учун ҳамма ҳудудларда шароит яратамиз», деди президент.
Лойиҳа учун 1 минг 100 гектар ер Кармана туманидан Навоий шаҳрига ўтказилган. Биринчи босқичда 450 гектар майдонда қурилиш режалаштирилган. Шаҳарчада 7-22 қаватли уй-жойлар, 4 минг 170 ўринли умумтаълим мактаблари, 1 минг 620 ўринли боғчалар, поликлиника барпо этилади. «Янги Ўзбекистон» боғи, Навоий давлат педагогика институтининг янги кампуси ҳам шу ерда бўлади.
Давлат раҳбари Навоий вилоятида саноат ривожлангани, лекин хизмат салоҳияти тўлиқ ишга солинмаганини айтди. Шу боис шаҳарчада сайилгоҳ, кўнгилочар масканлар, савдо дўконлари, овқатланиш шохобчалари ташкил этиб, хизматлар ривожлантирилиши белгиланди.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактабида бўлди.
1 минг 800 нафарга яқин ўқувчи таълим-тарбия олаётган бу муассаса ўтган йили қурилиб, фойдаланишга топширилган. Барча синфхоналар, лаборатория, компьютер ва хорижий тил хоналари, спорт зали, футбол майдони, ошхонада замонавий шароитлар яратилган. Кутубхона 3 мингдан ортиқ китоблар билан таъминланиб, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона тизимига ҳам уланган.
Президент мактаб фаолияти билан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
«Илмли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаш яхши. Қалбингизда ватанпарварлик кучли бўлса, шижоатингиз янада баланд бўлади», деди президент.
«Менинг энг катта ташвишим, мақсадим - ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади», деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
20:43
Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади
21:28 / 19.12.2024
2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштириш кўзда тутилмоқда
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024