Жаҳон | 13:08 / 02.11.2024
4455
8 дақиқада ўқилади

Ливандаги янги қурбонлар, жавоб ҳужумига тайёрланаётган Эрон ва жангга киришга ҳозирланаётган КХДР аскарлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил оккупацион армиясининг Ғазодаги Нусайрат қочқинлар лагери, Аз-Завайда тумани ва секторнинг марказидаги Дайр-ул-Балаҳ шаҳрига қилган ҳужумлари натижасида кўплаб инсонлар ҳалок бўлди ва яраланди.

Исроил танклари Ғазонинг шимолий қисми ичкарисигача кириб борган ва 100 мингдан зиёд аҳолини қамал қилган.

Исроилнинг Ғазо шимолига уч ҳафталик босқини ва ҳужумлари асосий хизматларнинг ишларини фалажлантирган. Кўчирилган инсонлар бошпана топган мактаблар ва бошқа фуқаролик объектлари қамал қилинган ва одамлар Ғазонинг жанубига кўчишга мажбурланмоқда.

Жабалия, Байт Лаҳия, Байт Ханунда 100 минг инсон тиббий ёрдам ва озиқ-овқатсиз қийналмоқда.

Ғазодаги сўнгги 10 кунлик тотал блокада натижасида 1000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси бош директори Мунир Абдуллоҳ ал-Баршга кўра, Исроил халқаро ҳамжамиятнинг сукути остида тинч аҳолини ўлдиришда, инфратузилмани вайрон қилишда давом этмоқда.

Исроил армияси Ғазо шимолидаги «Камол Авдан», «Ал-Ауда» ва Индонезия шифохоналарини қамал қилиб, тиббий воситалар етказилишига тўсқинлик қилмоқда, деган ал-Барш.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода ўлдирилган журналистлар сони 183 нафарга етгани ҳам маълум қилинмоқда. Исроил қўшинлари «Alquds Today» телеканалининг фотожурналисти Билол Муҳаммад Ражабни ўлдиришган.

Исроилнинг режалари

Исроил армияси мунтазам қўшинларда ҳам, захирада ҳам янада каттароқ бўлиши керак, деган Исроил бош штаби бошлиғи Ҳерци Ҳалеви. Ҳарбий мулозим бунинг сабаблари сирасига Ғазога ҳарбий босқин учун янада кучлироқ армия кераклигини ҳам киритган.

Армияни ҳаредим деб аталувчи, армияга боришдан бўйин товлаб келадиган ултраордоксал яҳудийлар ҳисобига оширишмоқчи. 1948 йилдан буён улар армияга чақирилмаган. Бироқ шу йилнинг ёзида Исроилда уларни армияда хизматга мажбурловчи қонун қабул қилинди.

Фаластинликларни ўғирлаш Исроил давлатининг анъанасига айланиб бормоқда.

Исроил Ғазодаги хунрезликни ҲАМАС жангчилари томонидан исроиллик фуқаролар гаровга олингани билан тушунтиради. Бироқ Исроилнинг ўзи 10 мингдан ортиқ фаластинликни гаровда ушлаб турибди. Ўғирлаш ва қийноққа солиш амалиёти, шунингдек, судсиз жазолаш Исроилнинг анъанасига айланган.

Одам ўғирлаш Исроил армиясининг оккупация остидаги Фаластин ерларига уюштирган рейдлари чоғида рўй беради. Одамлар шафқатсиз калтакланади, уйлари вайрон қилинади, автомобиллари, пуллари ва бошқа бойликлари таланади.

2006 йилдан 2009 йилгача Исроилнинг 12-бош вазири бўлган Эҳуд Олмерт Американинг CNN телеканалига берган интервюсида жуда муҳим баёнотлар қилди.

Собиқ бош вазирнинг айтишича, Исроилнинг асосий душмани ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ» ёки Эрон эмас, амалдаги бош вазир Бинямин Нетаняҳудир. Олмертнинг бу баёноти Исроил матбуотида кенг ёритилаётган сиёсий мулоқотларга туртки берди.

Ливандаги вазият

Исроил авиаҳужумлари туфайли Ливан жануби ва шарқида 17 киши ҳалок бўлган. Камида 9 киши оғир яраланган.

Ливаннинг NNA агентлиги маълумотларига кўра, Исроил мамлакат шарқидаги Баалбек туманининг Эмҳез шаҳрига авиазарба берган. Натижада 12 киши халок бўлган. Ҳудудда одамларни вайроналар остидан қутқариш ишлари давом этмоқда.

Баалбекдаги Тария шаҳрига берилган зарба натижасида 2 киши ўлган, 4 киши яраланган.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида мамлакат марказидаги Жабали Ливан вилоятининг Каматия шаҳрига берилган зарбаларда 3 киши ҳалок бўлгани ва 5 киши яралангани айтилмоқда.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирининг ёзма баёнотида қайд этилишича, 2023 йилнинг 8 октябридан буён Исроилнинг Ливанга ҳужуми натижасида ҳалок бўлганлар сони 2897 кишига, ярадорлар сони 13 минг 150 нафарга етган.

Исроил армияси 2023 йилнинг 8 октябридан буён “Ҳизбуллоҳ”га қарши назоратли тўқнашувларни олиб бормоқда. Мутахассисларнинг баёнотига кўра, Исроил бомбардимонлари туфайли 100 минглаб киши Ливанда мажбурий кўчган инсонларга айланган.

Эроннинг жавоб зарбаси

Эрон олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий 28 октябр куни Эрон миллий хавфсизлиги олий кенгашига Исроилга жавоб зарбасини бериш бўйича режа тайёрлаш вазифасини топширгани маълум бўлди.

Маълумотларга кўра, ислом республикасининг ҳарбий қўмондонлиги Исроил ҳудудидаги ўнтача ҳарбий нишонларнинг рўйхатини тайёрлайди.

Зарбалар 5 ноябр куни АҚШда президентлик сайловлари ўтказилганидан сўнг кутилмоқда. Чунки эронликлар республикачилар номзоди Доналд Трамп Яқин Шарқдаги таранглик авж олишидан ўзининг сайловолди мақсадлари йўлида фойдаланишини истамаяпти.

Исроил разведкаси маълумотларига кўра, Эрон яқин кунларда Исроилга Ироқ ҳудудидан туриб ҳужум қилишга тайёрланмоқда. Ҳужумда Эрон кўп сони пилотсиз парвоз қурилмалари ва баллистик ракеталардан фойдаланади.

Ироқдаги эронпараст кучлар орқали ҳужум қилиши Теҳроннинг тўғридан тўғри тўқнашувдан қочишга уриниши бўлиши ҳам мумкин.

Пайшанба куни Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бош қўмондони ўринбосари Али Фадавий ҳам эҳтимолли ҳужум ҳақида огоҳлантирган эди. «Исроил агрессиясига Эроннинг албатта жавоби бўлади. Биз 40 йил давомида бирорта ҳужумни жавобсиз қолдирмаганмиз ва Исроилда бор нарсаларни йўқ қила оламиз», — деган у.

Урушга тортилган КХДР

КХДР ташқи ишлар вазири Чой Сонг Ҳи Украинада уруш бошланганининг энг дастлабки кунлариданоқ Ким Чёнг Ин Россия армиясига ёрдам беришга буюрганини маълум қилди.

«Махсус ҳарбий амалиёт»нинг илк кунларидан давлат ишлари раиси, ҳурматли Ким Чёнг Ин биз ҳеч кимга эътибор бермасдан, оғишмасдан, Россия армиясига ва Россия халқига уларнинг муқаддас урушида ёрдам беришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз лозимлиги ҳақида кўрсатма берди», — деган Чой Сонг Ҳи.

Бу орада АҚШ Россиянинг Курск областига келтирилган шимолий кореялик аскарлар Украина қуролли кучларига қарши жангга ташланишини кутаётганини маълум қилди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен эса Хитойни Пёнгянгни тийиш учун ўз таъсир воситаларини ишга солишга чақирди.

АҚШ давлат котибининг маълум қилишича, Россия шимолий кореялик аскарларни артиллерия, пилотсиз парвоз қурилмалари билан ишлаш ва ерусти операциялари асосий тактик усулларига ўргатмоқда ва бу ҳол русларнинг ушбу кучлардан фронтда фойдаланиш «нияти»дан дарак беришини маълум қилди.

Блинкен Россияда 10 минг КХДР аскари борлиги ва уларнинг 8 минги аллақачон украин кучлари август ойидан буён позицияларни эгаллаб турган Курск областида эканини таъкидлаган.

Бу орада АҚШ Украинага 425 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди.

«Пакетдан Украина жуда муҳтож қурол-яроғлар, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталари, стволли артиллерия ва ялпи ўт очиш ракета тизимлари учун ўқ-дорилар, зирҳли машиналар ва танкларга қарши қуроллар ўрин олган», — дейилади Пентагон баёнотида.

Трампнинг баёнотлари

АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп телебошловчи Такер Карлсонга интервю берди. Ўз чиқишида у ўзини Россиянинг дўсти деб атаётганларни «касал» деб атади.

«Демократлар мени Россиянинг дўсти деб аташни, Россияга ишлашимни ва Россиянинг жосуси эканимни такрорлашни хуш кўришади. Улар касал инсонлар», — деган Трамп.

У Россиянинг энг катта лойиҳаларидан бери Германияга газ етказиб бериш учун қурилган «Шимолий оқим-2» газ ҳайдаш қувури бўлганини урғулаган: «Мен уни йўқ қилдим. Ҳеч ким бунга жазм қилолмаганди. Мен эпладим. Уни тўхтатдим», деган Трамп.

Президентлиги чоғида Трамп Германияни бу қувур учун кўп танқид қилган. У лойиҳада иштирок этаётган немис компанияларига санкциялар билан таҳдид қилган.

Мавзуга оид