Жаҳон | 23:25 / 04.11.2024
2997
3 дақиқада ўқилади

Гуржистонда минглаб одамлар парламент сайловлари натижасига қарши митингга чиқди

Мухолиф «Ўзгаришлар учун коалиция» етакчиларидан бири Ника Мелиа акция энди ҳар куни ўтказилишини эълон қилди. 5 ноябр куни митинг Тбилисидаги Спорт саройи олдида бўлиб ўтади.

Фото: AFP

Гуржистон пойтахти Тбилисида парламент биноси жойлашган Руставели проспектида мухолифатнинг 26 октябр кунги парламент сайловлари натижаларидан норозилигига қаратилган митинги бўлиб ўтмоқда.

Намойишга тўпланганларнинг аниқ сони маълум эмас. Paper Kartuli нашри митинг бошланишидан олдин, парламент биноси қаршисига 500 га яқин одам тўпланганини ёзганди. Кейинроқ уларга мухолифат юриши иштирокчилари ҳам келиб қўшилган.

Блогер Николай Левшицнинг таъкидлашича, намойишга 5 мингдан 10 минг нафаргача фуқаро тўпланган. «Дожд» телеканали эса ўз мухбирига таяниб митинг иштирокчилари 15 минг кишига етганини маълум қилди.

Мухолиф «Ўзгаришлар учун коалиция» етакчиларидан бири Ника Мелиа акция энди ҳар куни ўтказилишини эълон қилди. 5 ноябр куни митинг Тбилисидаги Спорт саройи олдида бўлиб ўтади. Newsgeorgia’нинг ёзишича, акция соат 14:00 га режалаштирилган.

«Режамиз бўйича норозилик акцияси бутун шаҳарни қамраб олиши керак. Биз Тбилисининг ҳар ерида ва ҳар куни бўламиз. Фақат Руставелида туриш етарли эмас. Ҳар бир майдон ва ҳар бир кўприкда бўлишимиз лозим», — дейди Мелиа.

26 октябр куни Гуржистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларга кўра, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» етакчилик қилди. Президент Зурабишвили ҳамда мухолифат натижаларни тан олмади. АҚШ Давлат департаменти эса халқаро кузатувчилар хулосаларини текширишга чақирди.

Гуржистон президенти Зурабишвили прокуратурага боришдан бош тортди

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили прокуратурага сўроқ учун боришдан бош тортди, у парламент сайловлари натижаларини сохталаштириш ҳақидаги сўзлари юзасидан тушунтириш бериш учун чақирилганди. «Мен прокуратурага бормайман», деди Зурабишвили 30 октябр куни инглиз тилида ўтказган матбуот анжуманида.

Зурабишвили ўзининг сохталаштириш далилларини тақдим этиш учун прокуратурага чақирилишини аҳамиятсиз деб атади, чунки унинг сўзларига кўра, терговни прокурорларнинг ўзлари олиб бориши керак. «Ҳар қандай стандарт терговда далил тўплаш тергов идорасининг зиммасидадир, мен ҳеч қачон тергов идораси президентдан сайловлар билан боғлиқ далилларни тақдим этишни сўраганини кўрмаганман», деди Зурабишвили.

Мавзуга оид