Жаҳон | 15:30 / 04.11.2024
3474
2 дақиқада ўқилади

Лавров: Зеленскийнинг «режаси» ва «формуласи» Европани тинчликка яқинлаштирмайди

«Албатта, на «формула», на «режа», на Киев назоратидаги Украинанинг НАТОга, на Европа Иттифоқига аъзо бўлиши ҳақидаги хаёллар Европада тинчликни яқинлаштирмайди», — деди Россия ТИВ раҳбари.

Фото: Пелагия Замятина / Вечерняя Москва

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина инқирозини ҳал қилиш учун Украина президенти Володимир Зеленский томонидан таклиф қилинган ғалаба режасини «шизофрения» деб атади.

«Бир неча ҳафта олдин, бу фуқаро шизофреник «ғалаба режасини» эълон қилди. Албатта, на «формула», на «режа», на Киев назоратидаги Украинанинг НАТОга, на Европа Иттифоқига аъзо бўлиши ҳақидаги хаёллар Европада тинчликни яқинлаштирмайди. Евросиё қитъасининг ушбу қисмида барқарорликка 2021 йил декабрдаги ташаббусларимизда белгилаб берилган ва Ғарб томонидан рад этилган узоқ муддатли ишончли хавфсизлик кафолатлари таъминланган тақдирдагина эришилади», — деди Лавров Минскда Евросиё хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ялпи мажлисида сўзлаган нутқида. 

Унинг таъкидлашича, НАТО энди «Киевдаги ноқонуний ҳукумат қўли билан Россияга қарши бошлаган» урушдан қониқмаяпти. «Ҳозир Қўшма Штатлар ва унинг сателлитлари бутун Евросиёни сиёсий қарама-қаршиликлар майдонига айлантиришга ҳаракат қилмоқда», деб ҳисоблайди вазир.

Унинг сўзларига кўра, Евросиёнинг Яқин Шарқ қисмидаги вазият янада кескин ривожланмоқда. «АҚШнинг Эрон ядро дастури бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган келишувлардан бир томонлама чиқиши ва Вашингтоннинг араб-Исроил келишув жараёнини монополлаштиришга бўлган доимий интилиши ҳалокатли оқибатларга олиб келди ва бу стратегик муҳим минтақани тўлиқлик беқарорлик ва катта уруш ёқасига қўйди», деди Россия ташқи ишлар вазири.

«Бизга аёнки, АҚШ етакчилик даъвоси билан рол ўйнаган аввалги моделларга қайтиш мумкин эмас. Қолаверса, Америка ҳукмронлик қилмоқчи бўлган ҳамма жойда вазият яхшиланмади. Янги геосиёсий ва халқаро ҳуқуқий воқеликни ҳисобга олиш, кучлилар ҳукмронлигига эмас, балки тенглик ва манфаатларнинг адолатли мувозанатига асосланган ғояларни ишлаб чиқиш зарур», — деди у.

Мавзуга оид