Жаҳон | 07:55 / 20.12.2024
10388
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Путиннинг «Орешник» билан «дуэл» ҳақидаги сўзларини танқид қилди

«Сизнингча, бу тўғрими?» — деди Зеленский Путиннинг Киевдаги нишонга «Орешник» билан зарба бериш ғоясига изоҳида.

Фото: AFP

Украина президенти Володимир Зеленский 19 декабр, пайшанба куни Россия президенти Владимир Путиннинг «юқори технологияли дуэл» ўтказиш таклифини кескин танқид қилди. Унга кўра, Россия Киевга «Орешник» ракетаси билан зарба беради, Ғарб ҳаво мудофаа тизимлари эса уни уриб туширишга ҳаракат қилади.

«Сизнингча, бу тўғрими?» — деб ёзади Hromadske интернет нашри Украина раҳбарининг Брюсселдаги матбуот анжуманида Россия олий бош қўмондони сўзларига муносабат билдирган нутқига таяниб.

Зеленский Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳақида

Ўша матбуот анжуманида Володимир Зеленский Украина музлатилган можарода яшай олмаслигини таъкидлади. «Ўт очишни тўхтатиш масаласида биз музлатилган можаро билан яшай олмаслигимизни тушунишимиз керак (...) Бугун ўт очишни тўхтатиш учун эртага нима бўлишини билишимиз керак», деди у.

Шу билан бирга, Украина раҳбари Киев учун АҚШ ва Европа Иттифоқидан биргаликда хавфсизлик кафолатлари муҳимлигини таъкидлади. «Украина учун Европа кафолатлари етарли бўлмайди, буни фақат Европа етакчилари билан муҳокама қилиб бўлмайди, чунки биз учун ҳар қандай ҳолатда ҳам, бугун ҳам, келажакда ҳам ҳақиқий кафолатлар НАТОдир ва НАТО ҳам АҚШ, ҳам Европа етакчилари қарорига асосланади», — деди Зеленский.

Бир кун аввал, 18 декабр куни Зеленский Брюсселда Шимолий Атлантика алянси бош котиби Марк Рютте билан учрашув ўтказди, унинг асосий мавзуси Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўлди.

Мавзуга оид