Хавфсизлик чегарасидан 80 баробар юқори: Лаҳор дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарларидан бири
Лаҳорда сўнгги бир неча кундан буён қалин смог кузатилмоқда. Шаҳарда бир қатор чекловлар жорий қилинди.
Покистоннинг Лаҳор шаҳри дунёдаги энг ифлос ҳавога эга шаҳарлардан бири экани маълум қилинди. У ерда хавфсизлик чегарасидан рекорд даражада юқори кўрсаткич қайд этилди, деб хабар бермоқда Phys.org.
2 ноябр куни шаҳардаги ҳавода муаллақ турган майда чанг заррачалари, яъни PM2.5 миқдори 1067 кўрсаткичга етган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлиқ учун хавфсиз деб белгилаган чегарадан тахминан 80 баробар юқори. Лаҳор шаҳри амалдорларининг таъкидлашича, ҳали бирор марта бу кўрсаткич 1000 дан ошмаган эди.
Мутахассислар сўнгги бир неча кун мобайнида Лаҳорда жуда қалин смог кузатилганини айтди. Бу туман ва ифлослантирувчи моддалар аралашмаси бўлиб, сифатсиз дизел ёнилғиси ҳамда биноларни иситишдан чиқадиган тутун натижасида ҳосил бўлади. Айниқса, ҳаво совиганда ушбу ҳодиса яққол сезилади. Қуйи ҳарорат туфайли зич ҳаво ифлослантирувчи моддаларни узоқроқ вақт ўзида ушлаб туради.
Шаҳарда бошланғич мактаблар ёпилди
Лаҳор ҳокимияти маълум қилишича, энг чўққига чиққанидан кейин ифлосланиш даражаси уч баравардан кўпроққа пасайган. Аммо бу кўрсаткич яна бир неча кун юқори бўлиб туриши прогноз қилинди. Энг хавфли вазият кузатилаётган ҳудудларда турли чекловлар жорий этилди. Хусусан, шаҳардаги барча бошланғич мактаблар бир ҳафтага ёпилди. Душанбадан бошлаб офис ходимларининг 50 фоизи “яшил карантин” режаси доирасида уйдан ишлайди.
Бундан ташқари, қурилиш ишлари тўхтатилиб, икки тактли двигател билан ишлайдиган уч ғилдиракли транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланди, шунингдек, очиқ оловда таом тайёрлайдиган муассасалар одатдагидан эртароқ ёпиладиган бўлди.
Вазиятга Ҳиндистон айбдор(ми?)
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича юқори лавозимли амалдор Ража Жаҳонгир Анварнинг айтишича, смогни келтириб чиқарадиган “энг катта манба” Ҳиндистон билан чегаранинг нариги томонида анғиз (қишлоқ хўжалиги чиқиндилари) ёқиш одатидир.
Яна бир амалдор “кучли шамол туфайли уларнинг тутуни Покистонга келаётганини” таъкидлади.
“Бу масалани Ҳиндистон билан музокараларсиз ҳал қилиб бўлмайди”, — деди у. Амалдорнинг қўшимча қилишича, провинсия ҳукумати ташқи ишлар вазирлиги орқали тегишли муҳокамалар ўтказиш ташаббуси билан чиқмоқчи.
Ҳукумат аҳолини уйда қолишга ва зарур бўлмаган саёҳатлардан тийилишга чақирмоқда.
Насослар билан жиҳозланган автомобиллар смог даражасини назорат қилишга кўмаклашиш учун ҳавога сув пуркаяпти. Мактабларни қачон очиш масаласи шанба куни қайта баҳоланади.
Покистон ҳукумати реал вақт режимида ҳаво сифати маълумотларини эълон қиладими?
Панжоб Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш департаменти (EPD) маълумотларига кўра, шаҳарда фақат учта расмий ҳаво сифатини кузатиш қурилмаси ишлайди. Асосий маълумотлар нодавлат сенсорлар ва АҚШ элчихонасидан олинади.
АҚШнинг Исломободдаги элчихонаси ҳамда Карачи, Лаҳор ва Пешовардаги учта консулхонаси 2019 йилдан PM2.5 бўйича реал вақт режимида онлайн маълумотларни кузатиш ва эълон қилишни бошлаган.
EPD бош директори Имрон Ҳамид Шайх мониторинг муаммосини тан олиб, Лаҳорда яна бешта қурилма ўрнатиш режалаштирилганини” айтди. Унинг қўшимча қилишича, “аксарият хусусий мониторлар ишончсиз маълумотларни тақдим этмоқда, баъзи хорижий компаниялар эса бу маълумотлардан ўз веб-сайтларида фойдаланади”.
Лаҳорда ҳаво ифлосланишини қандай камайтириш мумкин?
Энг аввало, ҳаво сифати тўғрисидаги аниқ маълумотлар реал вақт режимида барча учун янада батафсил тақдим этилиши лозим, дейди мутахассислар. Одамлар ўзлари нафас олаётган ҳаво қанчалик ифлослангани ҳақида билса, яхшироқ ҳимоя чораларини кўриши ва ҳаво ифлосланишига қарши курашиш учун кучларни сафарбар этиши мумкин.
Саноат ва транспорт воситалари чиқиндиларини камайтириш ҳаво сифатини яхшилаш учун ниҳоятда муҳим. Аҳоли кундалик турмушда яшил ёнилғи турларига фаол ўтиш, жамоат транспортидан фойдаланиш ва бошқа усуллар орқали шахсий чиқиндиларни камайтириш чораларини кўра олади.
Лаҳор Покистоннинг иккинчи йирик шаҳри. Бу ҳудудда 14 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шаҳар кўпинча ҳавоси энг ифлосланган ҳудудлар рўйхатига киритилади.
Маълумот учун, 4 ноябр ҳолатига кўра, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари рейтингида 1-ўринга чиқди. 2-3 ноябрда бу борада кучли учликда бўлган Тошкент эса ҳозирда 28-ўринда.
Тошкент ҳавосининг PM2.5 майда чанг зарралари билан ифлосланиш даражаси ЖССТ тавсиясидан 5,8 марта юқори бўлиб турибди.
ЖССТ маълумотларига кўра, заҳарли ҳаводан нафас олиш соғлиқ учун оғир оқибатларга олиб келиши, жумладан инсулт, юрак касалликлари, ўпка саратони ва баъзи нафас олиш йўллари касалликларини келтириб чиқариши мумкин.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
15:02 / 23.12.2024
Ўзбекистон Покистоннинг "Гвадар" портидан фойдаланиш имкониятини ўрганяпти
11:16 / 23.12.2024
Покистондан олиб кирилган мандарин партиясида зараркунанда борлиги аниқланди
00:15 / 22.12.2024