Даниялик сиёсатчи мусулмонларни ҳақорат қилгани учун қамоққа ҳукм қилинди
Қуръонни ёқиш тадбири билан «ном қозонган» Расмус Палудан мусулмонларни ҳақорат қилганликда айбдор деб топилди.
Швециянинг Малмё шаҳри суди Даниянинг ўнг қанот экстремистик «Stram Kurs» партияси етакчиси Расмус Палуданни ирқий адоватни қўзғатганликда айбдор деб топиб, тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Суд қарорига кўра, даниялик сиёсатчи шахсан ҳақорат қилган одамига 20 минг крона (тахминан 1,9 минг доллар) товон пулини ҳам тўлаши керак бўлади.
Расмус Палудан 2022 йил апрел ва сентябр ойларида Малмёда Қуръонни ёқиш тадбирини ўтказган ва мамлакатда мусулмонлар борлигига норозилик билдирган эди. Муқаддас китобнинг йўқ қилиниши мусулмонлар, араблар ва африкаликларга нисбатан ҳақоратли баёнотлар билан бирга бўлди. Расмус Палудан Қуръонни ёқиб юборгани учун эмас, балки айнан шу ҳақоратлари учун жазоланди.
Палуданнинг хатти-ҳаракатлари бутун Швецияда кенг кўламли норозилик намойишларига сабаб бўлди, бу намойишлар давомида ўнлаб одамлар, жумладан, полициячилар жароҳат олди. Ўнлаб намойишчилар ҳибсга олинди. Сиёсатчининг хатти-ҳаракатлари мусулмон минтақалари ва давлатлари раҳбарлари томонидан қораланди. Шунга қарамай, 2023 йил январида Расмус Палудан бу сафар Стокҳолмдаги Туркия элчихонаси яқинида яна Қуръонни ёқиб юборди ва ўзига қарши таҳдидларга қарамай, бундай ҳаракатларни давом эттиришга ваъда берди.
Сиёсатчи судда иштирок этмади, лекин видеоалоқа орқали гапирди. У Швецияда, ўз ҳаётидан хавфсираб, яшириниб юрибди. Палудан «мусулмонларни эмас, исломни танқид қилувчи» эканини ва «одамларни эмас, ғояларни танқид қилишини» таъкидлади. Аммо, Малмё судига кўра, у Исломни танқид қилувчи сиёсий ҳаракатни «шу жумладан мусулмонларга нисбатан ҳурматсизликдан» ажратиб турадиган «чизиқни кесиб ўтган».
Суд Расмус Палудан томонидан айтилган баёнотлар «фақат мусулмонларни ҳақорат қилиш ва камситишга қаратилган» деб топди. Сиёсатчининг ўзи аллақачон Малмё суди қарорига қўшилмаслигини ва бунга норозилик билдириш ниятида эканлигини маълум қилган. У суд қарори устидан шикоят қилишини билдирди.
Мавзуга оид
22:33 / 07.12.2024
Олимлар Дания пойтахти сув остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди
17:05 / 07.12.2024
Украина Даниядан F-16 қирувчи самолётларининг иккинчи партиясини қабул қилиб олди
00:04 / 03.12.2024
Дания ҳукумати Копенгаген аэропортини 4,5 млрд долларга сотиб олди
20:23 / 23.11.2024