Ўзбекистон | 10:34 / 05.11.2024
7689
2 дақиқада ўқилади

Ховос тумани ҳокими собиқ ўринбосари 7 йилга қамалди

Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари – Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Ҳакимжон Маллаев май ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинганди. У тадбиркордан МЧЖ ерларини ҳокимлик захирасига олмаслик учун 20 минг АҚШ доллари талаб қилган. 

Фото: Ховос тумани ҳокимлиги

Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари Ҳакимжон Маллаев жиноий жазога тортилди. У жорий йил май ойида ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушланганди.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, 41 ёшли Ҳакимжон Маллаев ўзига олдиндан танишган бўлган «О.А.» МЧЖ раҳбаридан МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ҳамда фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилган. «Замҳоким» 2024 йил 5 май куни Ховос тумани Бунёдкор маҳалласи ҳудудидаги автомобилларни ювиш шохобчасида келишилган пулдан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Судда сўралган Ҳакимжон Маллаев айбига умуман иқрорлик билдирмаган. У МЧЖ раҳбаридан ишини ҳал қилиб бериш учун 20 минг АҚШ доллари сўрамагани, қарзини сўраганини маълум қилган. Аммо суд ҳужжатида унинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботини топгани қайд этилган.

Суд ҳукмига кўра, Ҳакимжон Маллаев Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ҳамда 28,211-моддаси (Пора бериш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жинотни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 100 баравари миқдорида жарима ҳамда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълумот учун, Ҳакимжон Маллаев 1983 йилда туғилган. 2007 йилда Гулистон давлат университетини, 2017 йилда Тошкент давлат Аграр университетини тамомлаган. У 2019 йил 19 июнда Ховос тумани ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид