Жаҳон | 09:55 / 06.11.2024
6987
3 дақиқада ўқилади

Ҳаррис «ғалабани прогноз қилувчи ҳудуд»да Трампни ортда қолдирди

Камала Ҳаррис Гуам оролида Доналд Трампни ортда қолдирди, деб хабар бермоқда New York Post (NYP). Нашр бу ҳудудни сайлов кампанияси доирасида «башоратли ҳудуд» деб атади. Оролдаги овоз бериш натижалари 2004 йилдан бери ҳар бир сайловда федерал якунни акс эттирган.

Фото: AP / Yuki Iwamura

Бироқ, Гуамдаги овоз бериш Ҳаррисга сайловчилар коллегиясида қўшимча овоз бермайди, чунки орол штат эмас.

Трамп ғалабасини кутаётган инвесторлар кайфияти фонида биткоин рекорд даражага кўтарилди

Сармоядорларнинг Доналд Трампнинг ғалабасини кутаётгани муносабати билан биткоин нархи Осиёдаги савдоларда рекорд даражага кўтарилди, деб хабар берди Reuters. Криптовалюта курси 7 фоизга ошиб, 75 060 долларни ташкил этди ва март ойидаги энг юқори чўққисидан ошиб кетди. Reuters аниқлик киритишича, Трампнинг сайловдаги ғалабаси криптовалюталарни тартибга солиш бўйича юмшоқроқ йўналишга олиб келиши мумкин.

Доналд Трамп Айдахода ғалаба қозонди

Республикачи Трамп АҚШнинг Айдахо штатидаги президентлик сайловларида яна тўрт нафар сайловчилар коллегияси овозини қўлга киритиб, ғалаба қозонди, деб хабар бермоқда AP. Худди шу прогнозлар Edison Research институти томонидан эълон қилинган. AP хабарига кўра, яна олтита овоз Айова штатида собиқ президентга ғалаба келтирди.

AP Трампнинг Жоржиядаги ғалабасини прогноз қилмоқда

AP прогнозларига кўра, сайлов бюллетенларининг 88 фоизи санаб чиқилгач, Тошкент вақти билан соат 09.10 ҳолатига кўра Доналд Трамп Жоржия штатида (51,1 фоиз) ғалаба қозонди. Камала Ҳаррис 48,2 фоиз овозга эга.

Калифорния, Айдахо, Орегон ва Вашингтонда сайлов участкалари ёпилмоқда.

CNN хабарига кўра, Трамп собиқ президентнинг қароргоҳи жойлашган Мар-а-Лагода (Флорида) сайлов натижаларини кузатаётган ўз тарафдорлари билан қисқача гаплашган. Тўқ рангли костюм ва қизил галстук таққан республикачини донорлар, оила аъзолари ва дўстлари ўраб олди. Сиёсатчи сайловолди штабидан мунтазам янгиланишларни олиб турибди.

Ҳаррис сайлов натижаларини Вашингтондаги расмий қароргоҳи — АҚШ Ҳарбий-денгиз обсерваториясида кузатди. CNN маълумотларига кўра, у Делавэр штатининг Уилмингтон шаҳридаги штаби билан телефон орқали қўнғироқлашиб турибди ва доимий алоқада, шу сабабли оиласи билан хотиржам тушлик қилган. Айни пайтда Вашингтондаги Ҳовард университети олдидаги кўчада Демократик партия номзодининг тарафдорлари унинг у ерда пайдо бўлиши мумкинлигини кутишган ҳолда рақсга тушиб, қўшиқ айтишган.

Мавзуга оид